Хабарингиз бор, 2021 йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистон Президенти янги тайинланган элчилардан, жумладан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотт Адриандан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган эди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида, Европа Иттифоқи анъанавий равишда мамлакатимизнинг муҳим стратегик шериги бўлиб ҳаракат қилаётгани ҳамда кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорлик янги суръат касб этишини таъкидлаган.
Омбудсман ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчисининг ўзаро учрашувидан кўзланган мақсад – яқиндан танишув ҳамда ҳалқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида истиқболдаги лойиҳалар хусусида мулоқот қилишдан иборат.
Учрашувда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) меҳмонни мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси, Вакил институтининг қонунчилик базаси такомиллаштирилгани ва ваколатлари кенгайтирилгани ҳамда қийноқларни олдини олиш бўйича Омбудсман зиммасига юклатилган вазифалар, жумладан, Миллий превентив механизм доирасида ёпиқ муассасаларга уюштирилган мониторинг ташрифлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Шарлотт Адриан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси:
Бугунги қабул учун Ўзбекистон Омбудсманига миннатдорчилик билдираман. Фикримча, Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзолиги доирасида 2021-2022 йилларда биргаликда амалга оширилиши борасидаги бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз жуда муҳим. Сабаби, ҳозирда тайёрланаётган Европа Иттифоқининг чора-тадбирлар режасида, қийноқларни олдини олиш бўйича Миллий превентив механизмга алоҳида урғу берилмоқда. Ўзбекистонда ушбу механизм айнан Вакил ҳузурида ташкил этилган ва ушбу институт мамлакатдаги демократик ислоҳотларнинг устуни ҳисобланади.
Ўйлайманки, мамлакатингизда айнан Президент томонидан Омбудсман фаолиятига катта эътибор қаратилаётгани, ушбу институтнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида жуда катта марраларга эришишига ёрдам бермоқда. Биз Европа Иттифоқи томонидан бу ишга тўлиқ кўмак беришга тайёрмиз.
Самимий суҳбат руҳида ўтган учрашувда элчи Шарлотт Адрианн Омбудсман интитутини жамоатчилик вакиллари билан қай тарзда ҳамкорлик қилаётганига қизиқди. Омбудсманнинг сўзларига кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳууқлари бўйича вакили ҳузуридаги комиссия аъзолари таркибида айнан узоқ йиллардан буён инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ишлаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўрин олган. Қолаверса МПМ доирасида ўтказилаётган мониторинг ташрифларига жамоатчилик вакилларидан иборат экспертлик гуруҳи аъзолари ва албатта ОАВ жалб этилади.
Очиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашувда Элчи Шарлотт Адриан бугунги қабул учун Омбудсманга миннатдорлик билдирди ва ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига умид билдирди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Матбуот хизмати