Мониторинг давомида болалар учун яратилган шароитлар, уларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, соғломлаштирилиши, соғлом овқатлантирилиши ҳолати, таълими, жамиятга мослашуви, ижтимоий қўллаб-қувватланиши ҳолатлари, мавжуд муаммолар ва таклифларга эътибор қаратилди.
Самарқанд шаҳар, МТБга қарашли 78-махсус мактабгача таълим муассасаси ўрганилганда, унинг кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига айлантирилгани айтилди, лекин тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмади.
1974 йилда қурилган ушбу мактабгача таълим муассасасини охирги марта 2018 йилда фақатгина иссиқлик тизими таъмирланган. 180 ўринга мўлжалланган муассасада, ҳозирги кунда 105 нафар тарбияланувчи мавжуд, гуруҳлар сони 12 та, 10 та гуруҳ фаолият кўрсатаябди. Ўрганиш кунида ташкилотда карантин сабабли фаолият шу кундан тўхтатилгани сабабли болалар йўқлиги айтилди.
Ташкилотнинг фаолияти жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларнинг мактабгача таълим олишига, шунингдек, уларни тарбиялаш ва реабилитация қилишга қаратилган. Лекин муассасанинг жиҳозланиши “Мактабгача таълим муассасаларини ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш меъёрлари” га мос эмас. Бу эса ўз навбатида муассаса тарбияланувчиларининг ривожланишига қўйиладиган давлат талабларининг бажарилиши, шунингдек, таълим-тарбия ва коррекцион ишларни ташкил этиш ва тарбияланувчиларга таълим-тарбия ва коррекция-педагогик ёрдам берилишини таъминлашда тўсқинлик қилмоқда. Бундан ташқари муассасада ривожланишидаги нуқсонларни коррекциялаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тиббий абилитация ва реабилитация ўтказиш, болалар ривожланишидаги нуқсонларни компенсация ва коррекция қилиш борасида ҳам етарли шароитлар яратилмаган. Болалар тўғри овқатланишини ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш зарур.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасида давлатга қарашли болалар муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ривожлантиришга кўмаклашиш чора-тадбирларини кўриш вазифаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз вазифалари доирасида ушбу ваколатни амалга ошириши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунининг 14-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаши, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга доир ҳудудий дастурларни шакллантириши, тасдиқлаши ҳамда амалга ошириши, 39-моддасида ногиронлиги бўлган болаларнинг мактабгача таълими мактабгача таълим ташкилотларида амалга оширилиши, уларга нисбатан зарур реабилитация ва абилитация қилиш чоралари амалга оширилиши ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида бўлиши учун қулай шарт-шароитлар яратилиши, соғлиғининг ҳолати мактабгача таълим муассасаларида бўлишни вақтинча истисно этадиган ногиронлиги бўлган болалар учун кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиши, кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида илғор услубиётларни ўз ичига оладиган мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастурини амалга ошириш таъминланиши белгиланган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Самарқанд вилояти ҳокимияти ва бошқа тегишли давлат ташкилотлардан 78-махсус мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини танқидий ўрганиб, аниқланган камчиликларни бартараф этилиши юзасидан муносабат билдиришини талаб қилади.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати