Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари" мавзусидаги Ўзбекистон - Россия форуми тафсилотлари
Жорий йилнинг 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон хуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), шунингдек Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари” мавзусидаги Ўзбекистон - Россия форуми бўлиб ўтди.

Маълумки, бугунги кунда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш, унинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳар бир мамлакат олдида турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Миграция масалалари, айниқса, охирги ўн йилликда жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган минтақавий ва маҳаллий низолар, ишсизлик, қашшоқлик каби муаммолар замирида янада аҳамиятли бўлиб бормоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёда 250 миллиондан ортиқ шахс миграцион жараёнларнинг иштирокчиси ҳисобланади.

Мамлакатимизда мигрантлар ҳуқуқларини кафолатлаш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш мақсадида 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, 2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини такомиллаштириш, чет элда ишлашни истаган шахсларни ўқитиш, чет элда бўлиш пайтида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, шунингдек қайтиб келган меҳнат муҳожирлари, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори қабул қилинди. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида жамият, давлат ва инсон манфаатларига дахлдор миграция масалаларини ҳал этиш, соҳадаги муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, мигрантлар ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш назарда тутувчи “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида ишчи кучи ҳаракатланиши жараёнини тартибга солиш бўйича бир қатор ҳукуматлараро битимлар амал қилади, айниқса, республика фуқароларини РФ ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган тарзда ишга ёллаш ва жалб қилиш ишлари устувор аҳамиятга эга. Бунда асосий эътибор хорижий иш берувчиларнинг меҳнат шароитлари ва иш ҳақи, ижтимоий пакет ва бошқа муҳим мезонлар кўрсатилган олдиндан бериладиган буюртмалари асосида хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган тарзда ёллаш ва жалб қилишга ҳар томонлама кўмаклашишга йўналтирилган.Шу мақсадда 2017 йилдан бошлаб икки давлатнинг меҳнат вазирлари бошчилигидаги Ўзбекистон – Россия ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда.

Форумда сўзга чиққан Россия томони Ўзбекистонда меҳнат миграцияси иштирокчиларининг ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича Давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, пандемия даврида давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда Россияда ишга жалб қилиш, хусусан, мамлакат ҳудудига кириш ва ишлаш учун рухсат олиш, меҳнат мигрантларини ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилганини қайд этишди.

Ўзбекистон томони эса давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Ўзбекистонда миграция масалаларига муносабат тубдан ўзгарганлигини, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон ва Россия Омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлигига тўхталишди.

Халқаро форум давомида меҳнат миграцияси соҳасини янада такомиллаштириш ва Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини янада ривожлантириш, миграцияни бошқариш ва мигрантларни ҳимоя қилиш соҳасидаги замонавий тенденциялар муҳокама қилинди ҳамда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини таъминлаш механизмини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, ҳар икки мамлакат томони миграция соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)