Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 25 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти” халқаро ташкилоти (Penal Reform International)нинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда судьялар учун суд ишларини юритиш амалиётида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш масалаларига бағишланган халқаро давра суҳбати ўтказилди.

2020 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти” халқаро ташкилоти (Penal Reform International)нинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, унинг доирасида мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари, давлат органлари ва ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг малакасини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур тренингда Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти молиявий кўмагида тайёрланган Марказий Осиё давлатларида суд-ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш лойиҳаси доирасида тайёрланган услубиятнинг мазмун-моҳияти билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва туман судларининг судьялар ҳамда Омбудсман Котибияти ходимлари таништирилди.

Ушбу методологияда судьялар учун суд ишларини юритиш амалиётида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш масалалари ўз аксини топган. Ушбу қўлланмада қайд этилишича озодликдан маҳрум қилиш - энг кўп ишлатиладиган жазо турларидан бўлиб, уни қўллаш қатор салбий ҳолатларни, жумладан, маҳкум оиласининг моддий аҳволига, оилаларнинг парчаланишига, шунингдек, шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатларга оид кўникмаларга эга бўлишига, жиноятнинг такрорланишига олиб келиши мумкин.

Амалдаги қонунчиликка кўра, озодликдан маҳрум этилган, озодлиги чекланган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкин. Жазони енгилроғи билан алмаштириш муайян жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларга нисбатан қўлланилади.

Тадбирда қайд этилишича, мамлакатимизда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш, пробация бўлинмалари назорати остидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича янги тизим яратилган ва бу орқали назорат остидагилар томонидан қайта жиноят содир этилиши камайишига эришилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф.Эшматова мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ушбу ислоҳотлар хато қилган шахсга яна бир бор имконият бериш орқали уни яна оиласи бағрига қайтариш, унинг хулқ-атворидаги нуқсонларни бартараф этишга кўмаклашиш ва жамиятга мослаштиришга хизмат қилаётганини қайд этди. Унинг фикрига кўра, замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда жорий этилган бундай амалиёт жиноят содир этган шахсни мақсадли тарбиялаш ва унинг хулқини тузатишда ижобий натижаларга эришишни таъминлайди.

Халқаро тадбир давомида иштирокчилар суд ишларини юритишда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш бўйича ишлаб чиқилган услубият билан танишиш билан бирга уни такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати