Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Феруза Эшматова Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг V-йиғилишида иштирок этди
Жорий йилнинг 24 июнь куни Ўзбекистон Парламенти Омбудсмани Москва шахрида "Евроосиё минтақасида ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб муаммолари бўйича халқаро энг илғор тажрибалар алмашинуви" мавзусида ўтказилган Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг V-йиғилишида кузатувчи сифатида иштирок этди.

Альянс йиғилишида Россия Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Омбудсманлари, Арманистон, Қирғизистон, Сербия, Монголия, Қозоғистон, Эрон ва Тожикистондаги  миллий инсон ҳуқуқлари институтлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва давлат ҳокимияти органлари, инсон ҳуқуқлари ҳамжамиятлари вакиллари қатнашишди.

Тадбир давомида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, уларга соғлиқни сақлаш соҳасида етарли имкониятларни яратиш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича энг самарали маҳаллий ва хорижий амалиётлар ҳақида маълумотлар берилди.

ЭОА йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф.Эшматова ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди. У ўз сўзида мамлакатимизда Давлат раҳбарининг халқаро ташаббуси билан Ўзбекистон Парламенти томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилинганини ҳамда жорий йил кучга кирган Ўзбекистон Республикаси "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонуни мазкур Конвенция талаблари асосида ишлаб чиқилганини қайд этди.

Ўзбекистонда ушбу халқаро ҳужжатнинг ратификация қилиниши тегишли давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар мансабдор шахслари қаторида Омбудсман зиммасига ҳам қатор вазифа ва мажбуриятларни юклайди. Мамлакатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, уларга мослаштирилган шароитлар яратиш борасида халқаро стандартларга мувофиқ қонунчилик асослари ишлаб чиқилган. Хусусан, Қонунимизнинг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик тамойили акс эттирилган. Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш ҳолатлари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланади.

Шу билан бирга, қонун билан ногиронлиги бўлган болаларнинг бепул умумий ўрта, мактабдан ташқари, ўрта махсус ва профессионал таълим олишини кафолатлаш, бунда имконияти чекланган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг 2 фоизи миқдорида қўшимча қабул квотаси ажратилиши ва бошқа шу каби қатор имтиёзлар ва ҳуқуқлар белгиланган.

Шунингдек, Феруза Эшматова ўз нутқида имконияти чекланган шахсларнинг муносиб яшаши, ўқиши, меҳнат қилиши, даволаниши ва дам олиши учун мослаштирилган шароитларни яратиш жараёнида Омбудсманнинг ўрни, назорати ҳамда фаоллиги борасидаги илғор халқаро тажрибалар ҳақидаги фойдали маълумотлар учун йиғилиш иштирокчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди ва давлатлараро инсон ҳуқуқларини таъминлашда ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини билдирди.  

Таъкидлаш лозимки, Евроосиё Омбудсманлари Альянси минтақадаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирадиган биринчи Иттифоқ ҳисобланади. Ушбу ташкилот Евроосиё давлатлари омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаб, ўз мамлакатлари фуқароларининг чет элдаги муаммоли масалаларини тезкор ҳал этиш имконини беради.

Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг V-йиғилиши якунларига кўра, Евроосиё минтақасида ногиронлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш механизмларини мустаҳкамлашга доир масалалар муҳокама қилиниб, таклифлар ишлаб чиқилди.

Шу куни Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Монголия Омбудсманлари Москва шаҳридаги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш департаментининг Фахрийлар уйига ташриф буюришди ва у ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.

50 йил давомида фахрийларга хизмат кўрсатилаётган ушбу муассаса 701 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда бу ерда 672 нафар ногиронлиги бўлган шахслар даволанмоқда. Уларнинг учдан бир қисми эса мустақил равишда ҳаракатлана олмайдиган ва алоҳида ғамхўрликка муҳтож бўлган ногирон кишилардир. Фахрийлар уйида ногиронлиги бўлган шахслар учун турли психологик, реабилитацион хизматлар ҳам кўрсатилади.

Мулоқот давомида фахрийларнинг имконияти чекланган шахсларга мослаштирилган шароитлар яратиш борасидаги фикрлари ўрганилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати