Ҳужжат билан қуйидагилар қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар этиб белгиланди:
- қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштириш;
- ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга юборилган мурожаатларнинг муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилмаслигини ҳамда қабул қилувчига зудлик билан юборилишини қатъий таъминлаш;
- қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарликка тортилиши механизмини такомиллаштириш;
- қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш;
- қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш фаолиятига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг давлат органлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш;
- қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича фаолият натижалари тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Қуйидагилар ушбу гуруҳларнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди:
- гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида (кейинги ўринларда — ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар) қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш;
- ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларини ўрганиш ва улар юзасидан ахборотларни жамоатчиликка эълон қилиб бориш;
- қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш;
- қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ва бошқалар.
Жамоатчилик гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб қилинади. Бунда уларнинг мониторинг ташрифларини амалга ошириш учун касбий малакаси ва амалий билимларга эга бўлиши ҳамда гендер тенглигини таъминлаш ҳисобга олинади.
Омбудсман томонидан ҳар йили 15 мартга қадар Олий Мажлис палаталарига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза тақдим этади ва уни ОАВдада эълон қилади.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг маъмурияти Жамоатчилик гуруҳларига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар билан монеликсиз ва ҳоли учрашиши ҳамда суҳбатлашиши, шунингдек, тегишли ҳужжатлар билан танишиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди.
Қарор билан келгуси йилга қадар ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган шахсларнинг ягона электрон реестрини шакллантириш режалаштирилган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан қийноқлар бўйича амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали мурожаат қилиш амалиёти такомиллаштирилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Омбудсман ва Ташқи ишлар вазирлиги биргаликда икки ой муддатда БМТнинг «Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси Факултатив протоколи»га (Нью-Йорк, 2002 йил 18 декабрь) Ўзбекистоннинг қўшилиши масаласи бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Уч ой муддатда қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартиби ишлаб чиқилади.
Тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Жиноят кодексида қийноққа солиш учун жавобгарлик белгиловчи нормалари БМТнинг «Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси» (Нью-Йорк, 1984 йил 10 декабрь) талабларига мувофиқлаштирилади.
Парламентга Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича иш фаолияти кўлами ортишини инобатга олиб, Омбудсман Котибияти тузилмасида бошқарув ходимларининг чекланган сонини қайта кўриб чиқиш тавсия этилди.