Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Алия Юнусова: Болалар оилаларга тегишли, “Меҳрибонлик” уйларига эмас
Жорий 29 июнь куни «Ҳар бир бола оилавий муҳитда тарбияланишини таъминлаш мақсадида ноинституционаллаштириш Миллий стратегиясини яратишнинг долзарб масалалари” мавзусида Олий Мажлис Сенати, ЮНИСЕФ ва қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ноинституционллаштиришни тезлаштириш бўйича биринчи халқаро конференция бўлиб ўтди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги интернат муассасаларида яшовчи болаларнинг улуши шу ёшдаги аҳолининг ҳар 100 минг кишисига 255 тани ташкил этади, бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпдир (100 мингга 120 бола).

Ўзбекистон ноинституционаллаштириш сиёсатини ишлаб чиқди ва тегишли ҳаракатлар режасини қабул қилди. Бироқ, йирик интернат муассасалари сўнгги чора эмас, балки муқобил парваришнинг энг асосий кўриниши бўлиб қолмоқда. Институционллаштириш даражаси юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистондаги болаларга институционал ғамхўрликдан улар оила ва жамият муҳитида ўсишлари учун йўлни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган семинарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳам иштирок этди. Алия Туйгуновна ўз сўзини “Болалар оилаларга тегишли, “Меҳрибонлик” уйларига эмас” дея бошлади ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга  етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар...” деб белгилаб қўйилганига иштирокчилар эътиборини қаратди. Шунингдек, у “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида давлат боланинг оилада бўлишига тўсқинлик қилувчи шароитларни батараф қилиш, бола оиласидан ажратилган ҳолларда эса уни оиласига тезроқ қайтариш бўйича зарур чораларни кўриши ҳақидаги норма мавжудлигини қайд этди ва болаларнинг “Меҳрибонлик уй”ларида институтлаштирилган ҳолда тарбия олишининг қатор салбий оқибатларини санаб ўтди.

Институтлаштириш болаларнинг соғлиғи ва ривожланиши (руҳий ва жисмоний ривожланиши)га салбий таъсир кўрсатади. Бу салбий таъсир болалар муассасалари барча талабларга жавоб берган ва яхши молиялаштирилган тақдирда ҳам, кузатилиши мумкин.

Институтлаштиришнинг яна бир салбий томони - тажовузлар хавфининг юқори эканидир. Кўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатадики, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган барча ёшдаги болалар жуда кўп тажавузларни бошдан кечиришади. Жумладан, улар жисмоний ва жинсий зўравонлик, ғамхўрликнинг йўқлиги, шунингдек, одам савдоси ёки эксплуатациянинг бошқа кўринишларидан азият чекиш хавфи остида бўлишади. Болалар муассасаларида жамият кўзидан панада содир бўлаётган ҳолатлар устидан доимий назорат ва кузатув олиб бориш деярли имконсиз. «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчалари бино ҳамда ҳудудларининг видеокузатув камералари билан жиҳозланиши юзаки чоралар ҳисобланади. Муаммони фақатгина васийликнинг оилавий шакллари ҳамда тутинган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш хизматлари йўли билан ҳал этиш мумкин.

Институционализация битирувчиларга балоғатга етганидан кейин ҳам муаммоларни келтириб чиқаришда давом этади. “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларининг тўсатдан катта ҳаётга ўтиши қийин кечади. Уларнинг ижтимоий яккаланиб қолиши, уйсиз ва ишсиз бўлиб қолиши, жиноятчига айланиши, руҳий саломатлигининг бузилиши ва улар ҳаттоки ўз жонига қасд қилишгача бориши мумкин.

Кўплаб оилаларда болалар одатда овқат тайёрлаш, кир ювиш, озиқ-овқат ва кийим-кечакларни сотиб олиш ҳамда бошқа шу каби майда-чуйда ишларни ўзлари қиладилар ва бу борада мустақил қарор қабул қила оладилар, бироқ болалар уйларида бу каби ишларни бошқалар улар учун қилиб берганлари сабабли уларда боқимандалик кайфияти пайдо бўлади. Мустақил ҳаёт кўникмалари мавжуд бўлмагани натижасида улар жамиятдаги мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган ҳолда чиқарилади.

Яна бир ҳолат. Болалар уйлари давлат буджетига жуда қимматга тушади. Иш ҳақи жамғармаси, коммунал хизматлар ва болалар уйининг биноларини сақлаш харажатлари. Молиявий харажатлар бир тараф, лекин маънавий зарарни таққослаш қийин. Болалар уйлари жамиятга жуда қимматга тушади, чунки биз ёпиқ муассасаларда болалар уйлари тарбияланувчиларининг руҳиятини ва ривожланишини бузмоқдамиз. Агарда етимхоналардан аста-секинлик билан воз кечилиб, «озод қилинган» инсоний ва молиявий ресурсларни профессионал васийлик ва ҳомийликни ривожлантиришга йўналтирсак, болаларни оилаларга тарбиялаш учун жойлаштириш орқали бюджетдан солиқ тўловчиларнинг пуллари камроқ сарфланган бўларди.

Болалар уйларини ёпиш зарурлиги ҳақида гап кетганида, биринчи навбатда оилаларнинг ажралиб кетишига барҳам берадиган ижтимоий хизматларни ривожлантириш ҳамда ўз оилалари билан яшай олмайдиган болаларга муносиб муқобил таклифларни тақдим этиш зарур.

Иккинчидан, инсоний ва молиявий ресурсларни қайта йўналтирган ҳолда болаларни босқичма-босқич муассасалардан уларнинг эҳтиёжларига кўпроқ мос келадиган васийликнинг оилавий шаклларига ўтказиш зарур. Энг асосийси — етимлик оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олиш, ҳимояга муҳтож оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳамда инклюзив (уйғунлашган) ривожланишга кўмаклашиш зарур.

Тадбир давомида миллий ташкилотлар, шунингдек халқаро экспертлар Ўзбекистондаги болаларни парваришлаш тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги вазиятни муҳокама қилдилар. Тадбир иштирокчилари болалар парваришининг замонавий тизимини ишлаб чиқиш бўйича энг илғор халқаро ва миллий тажриба ҳамда бу соҳадаги сабоқлар билан ўртоқлашдилар.

Ўз оилалари ва қариндошлари болаларга ғамхўрлик қилганида улар гуллаб-яшнаши ҳамда институционллаштириш нақадар зиёнли экани ҳақида ЮНИСЕФ ишончли маълумотларга эга. Болалар ҳамжамиятларда улғайса, уларнинг барча ривожланиш натижалари сезиларли даражада яхшироқ бўлишини биламиз. Институционал парваришни қўллашни сўнгги чора деб биладиган ҳамда энг муҳтожлар, жумладан уч ёшдан кичик ва ногиронлиги бўлган фарзандларни ўстираётган оилаларга қаратилган ижтимоий хизматларнинг кенг кўламини яратишни назарда тутадиган болалар парваришининг замонавий тизимини барпо этишда Ҳукуматни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, - деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. 

Халқаро даражада болаларни парвариш қилиш соҳаси катта муассасалар ўрнига оилавий ва жамоатчилик асосида бир қатор хизматлар кўрсатиш сари ўзгармоқда. Шу боис тадбир иштирокчилари Ўзбекистода ноинституционллаштириш жараёнини тезлаштириш бўйича тавсиялар бердилар.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати