Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман мамлакат ёшларини байрам билан табриклайди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) жамоаси 30 июнь — Ёшлар куни билан мамлакатимиздаги барча ёш ўғил қизларни чин кўнгилдан муборакбод этади.

Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар мазмун жиҳатидан бевосита ёшларга нақадар дахлдор эканини англаймиз.

Албатта ҳозирда ёшларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши ҳисобланади. Бунга жавобан турли соҳаларда шижоат билан ишлаб, ўзининг ижодий ва интеллектуал салоҳияти, ижтимоий ҳаётда эришган муҳим натижалари билан юртимиз равнақига, унинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ёшлар сонининг ортиб бораётгани ҳам мақтовга лойиқ.

Қолаверса, коронавирус пандемияси шароитида, ўз соғлиғини хавф остига қўйиб, оғир вазиятларда минг-минглаб ўғил-қизлар чинакам мардлик ва жасорат кўрсатиб, барча тенгдошларига ўрнак бўлдилар. Мана шундай синовли кунларда ташаббус кўрсатиб, ёрдамга муҳтож инсонларга чин кўнгилдан хизмат қилган кўнгилли ёшларнинг борлиги мамлакат келажагига ишонч туйғусини оширади.

Таъкидлаш жоизки ўқиш, ўз устида ишлаш, изланиш, доим ўз билими ва салоҳиятига таяниш – барча мамлакат ёшларининг асосий вазифасидир. Ўзбекистон келажагининг қанчалик порлоқ бўлиши, унда инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолатланиши эртага тайинланган ёш кадрларнинг адолат тамойиллари асосида ишлашига боғлиқ. Шундай экан, кўпроқ билим олишга интилиб, янги инновацион технологиялар билан ишлаш кўникмаларингизни шакллантирган ҳолда келажакда муносиб ўринга эга бўлишингизни тилаб қоламиз!

Азиз ёшлар! Сизларни яна бир бор байрам билан табриклаймиз, келгуси ўқиш ва меҳнат фаолиятингизда омад тилаймиз. Мустаҳкам саломатлик, соғлом фикр, ақл-идрок, тоза виждон, куч-ғайрат ва шижоат доим ҳамроҳингиз бўлсин!

Ҳурмат билан Омбудсман жамоаси!