Мониторинг гуруҳи аввало Махсус қабулхона ва Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ушлаб турилган шахсларнинг яшаш шароитлари билан танишиб чиқди. Бир сўз билан айтганда у ерда шахсларни ушлаб туриш учун барча шарт-шароитлар ва сақлаш тартиби тўлиқ кўздан кечирилди. Махсус қабулхона ва Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси янги қурилган бинода жойлашган. Уларда шахсларни ушлаб туриш учун амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилинган.
Мониторинг давомида Махсус қабулхонада ва Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ушлаб турилган шахслар билан санитария-гигиена ва карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатлар давомида қийноқ ҳолатлари юзасидан мурожаатлар келиб тушмади. Ташриф давомида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий қамоққа олинган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев билан ҳам алоҳида суҳбат ўтказилди.
Блогер Ф.Орифхўжаев билан ўтказилган суҳбатда, у ички ишлар ходимларининг чақирувига кўра ички ишлар бўлимига келганлигини, ходимлар у билан яхши гаплашганликларини, кейинроқ уни ҳақорат қилишганлигини ҳамда суриштирув тугаганидан сўнг яқин қариндошларига телефон қилишга имкон берилмаганлигини, бироқ суриштирув вақтида ва Махсус қабулхонада ёки Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида жисмоний қийноқлар бўлмаганлигини айтди. Унинг сўзларига кўра укаси билан телефон орқали гаплашганда бу ерда қаттиқ зулм бўлмоқда деган ва шу сабабли яқинлари томонидан унга нисбатан қийноқ қўлланилганлиги ҳақида шикоятлар бўлган бўлиши мумкин деди.
Ички ишлар ходимлари Ф.Орифхўжаевни ҳақорат қилиб, яқин қариндошлари билан телефон орқали суҳбатлашишига имкон бермаганлик ҳолатларини фақатгина суриштирув ва тергов ҳаракатлари ўтказиш орқали аниқлаш мумкинлигини инобатга олиб, ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Омбудсман томонидан Бош прокуратурага назорат хати юборилди. Натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати