Мурожаатчининг ёзишича, пандемия шароитида қармоғидаги 5 нафар фарзанди ва набиралари оғир аҳволга тушиб қолган. Иш жойи бўлмагани учун 2 нафар фарзанди пойтахтга қатнаб, ёлланма ишчи сифатида ишлашга мажбур.
Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб ўрганилганда, мурожаатчи 2020 йилда пандемия туфайли даромадини йўқотган оила сифатида “Темир дафтар”га киритилгани ва унга бир бош қорамол берилгани маълум бўлди. Шунингдек, фарзандлари ҳам “Ёшлар дафтари”га асбоб-ускуналар меҳнат қуроллари учун субсидия ажратилиши истагини билдирган ёшлар сифатида рўйхатга олинган.
Омбудсман аралашуви билан мурожаатчининг фарзандларини доимий даромадга эга бўлиши учун “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан субсидия асосида тикув машинаси берилди.
Шунингдек, мурожаатчининг боқувчисини йўқотган қизи ва набираларининг уйини таъмирлаш учун 1 тонна цемент ва 50 дона шифер ҳом ашёси моддий ёрдам сифатида берилган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги “Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Қарор билан тасдиқланган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низомга кўра “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари:
- “Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга;
- ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланадиган харажатларнинг 75 фоизигача қисмини қоплашга;
- “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятиҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда қоплашга;
- “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга;
- мамлакатимиздаги ОТМда ўқиётган “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандлари тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб беришга;
- “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатда даволаниш билан боғлиқ харажатларни БҲМнинг 50 баравариданошмаган миқдорда қоплашга йўналтирилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот котиби