Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Алия Юнусова: Оилада болаларга ғамхўрлик қилишнинг имкони бўлмаган ҳолларда давлатнинг роли кучайтирилиши зарур
Бугун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 490-сон қарори ижросини таъминлаш борасида вазирлик ва идораларнинг вазифалари амалга ошириш тартиби бўйича ахбороти”га бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Халқ таълими Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Барчамизга маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда вояга етмаганлар ўртасида тарбиявий ишларни кучайтириш, улар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, бу йўналишда масъул бўлган давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш ва янада такомиллаштириш борасидаги вазифаларни белгилаб берди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 490-сон қарори (2021 йил 3 август) Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда болалар муаммолари билан бир қанча давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар фаол шуғулланмоқда. Натижада ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, кам таъминланган оилалар фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш даражаси яхшиланишига эришилмоқда. Айниқса, болаларнинг таълим-тарбияси, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, моддий, тиббий ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган тадбирлар яхши самара бермоқда.

Бола оилада туғилади ва ўз навбатида, боланинг қандай оилада туғилганлиги унинг кейинги тақдирини белгилайди -дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова

Оила болани ўраб турган энг яқин муҳит ҳисобланади ва айни шу оила боланинг камолотига таъсир кўрсатадиган кучдир. Ҳар бир боланинг, шу жумладан, етим ва ота-она қаровисиз қолган болаларнинг ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш учун етарли шарт-шароитлар яратиб бериш фуқаролик жамиятининг табиий асоси ва муҳим шартидир.

Афсуски, муаммоли, эҳтиёжманд ёки ижтимоий аҳволи оғир оилалар ҳамма жамиятда ҳам учрайди. Оиланинг парчаланиб, пароканда бўлиши, етарлича ғамхўрлик қилинмаслиги сингари омиллар эса, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Оилада болаларга ғамхўрлик қилишнинг имкони бўлмаган ҳолларда давлатнинг роли кучайтирилиши зарур.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, юртимизнинг эртанги тақдири кўп жиҳатдан бугунги авлоднинг таълим-тарбияси, маънавий камолотига боғлиқ. Шу боисдан ҳам, вояга етмаганларга эътибор масаласига давлат сиёсати даражасида қаралмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати