Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Пробация – жиноят ишларини кўришда муқобил чоралар қўллашнинг халқаро модели сифатида
Жорий йилнинг 27-28 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ички ишлар вазирлиги, БМТнинг Демократия фонди (UNDEF) ва “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти” халқаро ташкилотининг (PRI) Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Пробация – жиноят ишларини кўришда муқобил чоралар қўллашнинг халқаро модели сифатида” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.  

Семинарда 30 нафардан ортиқ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти ходимлари, Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳамда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Пробация хизмати ходимлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар хато қилган шахсга яна бир бор имконият бериш орқали уни яна оиласи бағрига қайтариш, унинг хулқ-атворидаги нуқсонларни бартараф этишга кўмаклашиш ва жамиятга мослаштиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги «Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори асосида Пробация хизмати ташкил этилиб, 2019 йил 1 январдан эътиборан ўз фаолиятини бошлаган эди.

Пробация — озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган, жумладан, шартли ҳукм қилинган маҳкумларни қайта тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасида ишлар самарадорлигини оширадиган тизим ҳисобланади.

Семинарда қайд этилишича, Пробация хизматининг асосий вазифаси шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишига, шу жумладан, уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этиш орқали ҳар томонлама амалий кўмаклашишдир.

Назорат остидагиларнинг қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, уларнинг шахсини ижтимоий-психологик портретни тузган ҳолда ўрганиш каби вазифалар ҳам Пробация хизмати зиммасига юклатилган.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2020 йилда кўрилган жиноят ишларида жами маҳкумларининг 74 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланилган. Бу эса ўз навбатида ташкил этилганига унча кўп муддат бўлмаган Пробация хизмати ходимларининг иш юкламаси мунтазам равишда ортиб бораётганини кўрсатади.

Семинар иштирокчиларига пробация хизматининг халқаро стандартлари, илғор хорижий тажрибалар, пробация мижозига ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг индивидуал дастури, шахсни ижтимоий-психологик ўрганиш асослари каби мавзуларда тўлиқ маълумотлар берилди.

Семинар-тренинг доирасида пробация хизмати самарадорлигини янада ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича муҳокамалар ўтказилди.

2 кунлик семинар тренинг интерфаол усулда ташкил этилиб,  иштирокчилар фаоллиги, фикр мулоҳазалари, амалий машғулотлардаги иштироки билан бойитилди. Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати