Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Давлат раҳбари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Фармонини имзолади
Қайд этиш лозимки, мазкур ҳужжат Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича мустақил миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириш, Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлашдаги ваколатларини ва худудлардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда Омбудсман фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фармон билан Омбудсманнинг энг устувор вазифалари сифатида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва уни амалга оширишда иштирок этиш белгиланди.

Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларининг қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга урғу берилди.

Фармонда Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг ижросини ўрганиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи ҳам берилмокда.

Ҳужжатда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш вазифаси ҳам белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳам Омбудсманнинг муҳим вазифалари жумласига киради.

Фармонга кўра, Омбудсманнинг жойлардаги жамоатчилик асосида фаолият юритувчи минтақавий вакиллари 2022 йилнинг 
1 январидан доимий асосда ишлайдиган бўлди.

Шу билан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ўз фаолиятида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этади ва ўтказади.

Хусусан, фуқароларнинг шикоятларини қабул қилади ва кўриб чиқади, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашади.

Бундан ташқари, Фармон билан минтақавий вакилларга ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий жазо ўтаётган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш вазифалари қўйилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, минтақавий вакил фаолияти давомида ўз ташаббуси билан ёки мурожаат муаллифининг илтимосига кўра, шикоятни экспертлар, мутахассислар ва манфаатдор ташкилотлар вакилларининг иштирокида кўриб чиқишни ташкил қилиш ҳуқуқига ҳам эга.

Шунингдек, Фармонга кўра минтақавий вакил инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари ва ташкилотларига монеликсиз кириши ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан зудлик билан қабул қилиниши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, минтақавий вакиллар ҳар йили ўз ҳудудларида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши аҳволи бўйича тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига маъруза тақдим қилиши белгиланди.

Фармонга мувофиқ, янги таҳрирда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Фармонда Омбудсманнинг мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиш тизимини яратиш ва уни ишга тушириш, ушбу тизимни вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаси билан интеграция қилиш ҳам белгиланган.

Хулоса қилиб айтанда, мазкур тарихий ҳужжат Омбудсманнинг мурожаатлар билан ишлаш ва қийноқларга қарши курашишдаги ҳудудлардаги фаолиятини кучайтиришга, қонунчилик асосларини такомиллаштириш ва Омбудсман фаолиятини рақамлаштириш орқали мурожаатчиларга қулайликлар яратишга хизмат қилади.Омбудсман институти фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда бор кучини сафарбар этади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати