Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
МДҲга аъзо давлатлар Болалар Омбудсманларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 14 сентябрь куни МДҲ давлатлари Бола ҳуқуқлари бўйича вакилларининг онлайн учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Беларус ва Aрманистон Болалар омбудсманлари ҳамда МДҲга аъзо давлатлар вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни МДҲ Ижроия қўмитаси раиси - ижрочи котиби Сергей Лебедев очиб берди. Онлайн учрашувда таъкидланганидек, ушбу тадбирнинг ўтказилишидан мақсад – бола ҳуқуқларини таъминлашда МДҲга аъзо давлатларнинг Болалар Омбудсманлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда конструктив алоқа учун мулоқот платформасини яратишдир.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Болалар омбудсмани Алия Юнусова МДҲга аъзо давлатлар вакиллари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги формати муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратди. "Бугун биз нафақат давлатларимиз ҳудудида амалга оширилаётган дастурларни қўллаб -қувватлашга қадам қўймоқдамиз, балки, МДҲга аъзо давлатларда бола ҳуқуқларининг кафолатланишида омбудсман институтлари ва бошқа инсон ҳуқуқлари механизмларини бирлаштирмоқдамиз. Йиллар давомида тўпланган илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва амалиётга тадбиқ этиш яхши натижа бериши шубҳасиз.”,-деди Болалар омбудсмани.

Алия Юнусова вояга етмаганларни қуролли можоролар бўлаётган ҳудудлардан қайтариш, уларни реинтеграция қилиш, реабилитация қилиш ва жамиятга интеграциялашуви дастурлари доирасида ўзаро таъсир ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда кўплаб давлатлар ушбу муҳим вазифани амалга ошириш билан шуғулланмоқдалар ва МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги формати кучларни бирлаштиришга ва бу иш самарадорлигини оширишга имкон беради.

Шунингдек, болалар омбудсмани иштирокчилар қарорига биноан кейинги йиғилишларда иштирок этиш учун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мутахассисларни жалб қилиш ҳамда болаларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, қонуний  манфаатларини таъминлаш соҳасида экспертлар ҳамкорлиги, тажриба алмашиш, биргаликда ўтказиладиган чора-тадбирлар режасини тузиш таклифларини билдирди, бу муҳокама учун танланган мавзуларни кенгроқ очиб беришга ёрдам беради. Тадбирда иштирок этаётган мамлакатлар вакиллари ушбу таклифларни бир овоздан қўллаб -қувватладилар, шунингдек, ўз давлатлари ҳудудида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тажрибалари билан бўлишдилар.

Алия Юнусова учрашув якунида, тадбирдаги иштироки ва конструктив мулоқот учун иштирокчиларга ва МДҲ Ижроия қўмитасига миннатдорчилик билдирди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати