Омбудсман 3 кунлик ташриф давомида Санкт-Петербургнинг Кронштадт, Калинин ва Марказий (аввалги Дзержинск, Куйбышев ва Смольнинск туманларининг бирлашуви) туманларида бўлиб 15 дан ортиқ участка сайлов комиссиялари ҳамда 20 га яқин худудий сайлов комиссияларида яратилган шароитлар, сайлов жараёнларининг бориши билан танишди.
Жумладан, 18-19 сентябрь кунлари Омбудсман Ф.Эшматова Калинин ва Марказий туманларидаги маъмурият раҳбарлари билан учрашди. Учрашув давомида мазкур сайлов жараёнларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериши учун махсус шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратилгани ҳамда овоз бериш жараёнлари ҳам барча талабларга қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилгани ҳамда сайлов комиссиялари аъзоларининг тиббий хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан уларнинг аксарияти коронавирус инфекциясига қарши эмлангани таъкидланди.
Учрашувлардан сўнг, бир неча туманлардаги қатор сайлов комиссияларининг фаолияти кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, 19 сентябрь куни эса Жамоатчилик назорати марказида Санкт-Петербург жамоатчилик палатаси раиси билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистон, Франция, Италия ва бошқа мамлакатлардан келган экспертлар ва кузатувчилар барча участка сайлов комиссияларидан онлайн тарзда узатилган ёзувларни кўздан кечириб, назоратчилар ишини ўрганиш имконига эга бўлдилар.
Ташриф доирасида Омбудсман Санкт-Петербург шаҳридаги вокзалда ташкил этилган участка сайлов комиссияси фаолияти билан танишди. Мазкур участкада сайлов куни шахсий ёки хизмат сафарида бўладиган фуқаролар овоз бериши мумкин. Бунинг учун сайловчилар 13 сентябрга қадар давлат хизматлари агентлигидан сайловчи сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Сайлов кунлари мазкур участкада рўйхатга олинган сайловчилар сонига қараб сайлов бланкалари тайёрлаб қўйилади.
Омбудсман хизмат ташрифини Санкт-Петербург шаҳридаги Журналистлар уйида ташкил этилган пресс-конференция якунлаб берди. Унда Вакил Ф. Эшматова уч кунлик сайлов ҳақидаги ўз таассуротлари билан ўртоқлашди ва ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати