Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман қийноққа солиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди
Жорий йилнинг 23–25 сентябрь кунлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги жамоатчилик гуруҳи аъзолари, сенатор, Омбудсманнинг минтақавий вакили Хоразм вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда қийноққа солиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида мониторинг ташрифларини ўтказди. 

Ташрифда дастлаб Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Олтинчи минтақавий ҳудуддаги 11-сонли тергов ҳибсхонаси кўздан кечирилди.

Маълум бўлишича, мазкур ҳибсхона 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 192 нафар маҳбус сақланмоқда. Уларнинг 9 нафари аёллардир.

Қайд этиш лозимки, ушбу муассасага 2020 йилда ҳам Омбудсман мутахассислари ташриф буюриб, ҳибсхонанинг қабулхона ва ошхонасини таъмирлаш, жиҳозларни янгилаш, вентиляция тизими билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилган эди.

Бу галги мониторинг ташрифида илгари билдирилган тавсияларнинг барчаси инобатга олиниб, камчиликлар бартараф этилган.

Маҳбуслар ҳибсхонада ходимлар томонидан уларга яхши муомалада бўлинаётгани, овқатланиш ва яшаш шароитларидан ҳеч қандай эътироз йўқлигини билдиришди.

Ҳибсхоналарда тегишли  норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, сайргоҳ ҳовлиси бўлиши ва маҳбуслар бир кунда бир соат вақт давомида унда сайр қилишлари ҳамда тоза ҳаводан баҳраманд бўлишлари белгиланган. Ўрганиш ишлари давомида сайргоҳ ҳовлисининг мавжуд экани ва маҳбуслар навбатма навбат шу хонага киритилиши аниқланди.

Ҳибсхонадаги тиббиёт пункти кўзда кечирилганда, тиббий ходимлари,  у ердаги жиҳозлар ва дори воситаларининг етарли даражада эканлиги маълум бўлди.

Тиббиёт бўлими мудири ҳозирги кунда ҳибсхонада Covid-19 инфекцияси билан касалланган 2 нафар бемор алоҳида жойлаштирилган ҳолда даволанаётганлигини айтди. Ундан коронавирус инфекциясининг олдини олиш чоралари ҳақида сўралганда, маҳбуслар ҳибсхонага олиб келинишидан аввал тест топшириши, касаллик аниқланган беморлар дархол алоҳида хоналарга жойлаштирилишини айтиб, муассаса ходимлари 100 фоиз эмланганлигини таъкидлаб ўтди.

 Қайд этиш лозимки, Омбудсман тавсиялари асосида ҳибсхонадаги шароитларни миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар даражасида яхшилаш борасидаги ишлар яхши йўлга қўйилган.

Мониторинг давомида ушбу муассасада сақланаётган шахслар учун энг кўп фойдаланилиши мумкин бўлган ҳуқуқий адабиётлар билан тўлдириш, кутубхонани сўнгги йилларда қонунчилик нормаларига киритилган янгиликларни ўзида жамлаган ҳуқуқий адабиётлар билан бойитиш тавсия этилди. 

Ўрганиш давомида мазкур тергов ҳибсхонада ташкил этилган 52-сонли участка сайлов комиссияси фаолияти ва сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари билан ҳам танишилди.

Омбудсман бошчилигидаги жамоатчилик гуруҳи аъзоларининг навбатдаги мониторинг объекти Хоразм вилояти ИИБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонаси бўлди.
60 ўринга эга бўлган махсус қабулхонада ҳозирги кунда 36 нафар маҳкум сақланмоқда. Қамоқхона биноси 2020 йилда фойдаланишга топширилган. Муассаса раҳбари бу ерга кўпинча маст холда автомобиль бошқарган ва алимент тўловларини ўз вақтида тўламаган шахслар 15 суткалик қамоқ жазо чорасини ўташ учун олиб келинишини айтди.

Шу билан бирга, қийноқ ёки зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган мониторинг ўрганишлари Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказида ҳам ўрганилди. Жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилган замонавий, барча зарур техника ва жиҳозларга эга бўлган бинода хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бинода 32 та видеокамера ўрнатилган бўлиб, улар тўғридан-тўғри марказий аппаратга уланган бўлиб, республикадан бошқарилади.

Мазкур реабилитация марказига шахси аниқланмаган шахслар олиб келиниб, уларнинг шахси аниқлангунига қадар ушбу шахсларга тиббий ёрдам кўрсатилади ҳамда яшаши, спорт билан шуғулланиши ва овқатланиши учун зарур шароитлар яратилади. Кейинчалик эса ўз оиласи ва яқинларига топширилади.

Мониторинг давомида реабилитация маркази ходимлари чет эл фуқароларининг шахсини аниқлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш таклифини билдирдилар. Омбудсман ўз ўрнида хорижий давлатлар омбудсманлари орқали бу каби масалаларни ҳал этишга тайёр эканлигини билдирди.

Кейинги манзил вилоят руҳий асаб касалликлари шифохонаси бўлди. Касалхонада даволанаётган беморларга яратилган шароитлар, уларнинг дори-дармон воситалари билан таъминланиши, вақтида овқатланиши ва бошқа муолажаларнинг ўтказилиши билан боғлиқ ҳолатлар мониторинг ташрифи давомида батафсил ўрганилди.

Омбудсман бошчилигидаги жамоатчилик гуруҳи аъзолари Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм вилоят филиалида ҳам бўлишди. Марказда ихтиёрий ва мажбурий равишда даволанаётган фуқаролар учун яратилган шароитлар ўрганилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар берилди.

Ушбу ташриф давомида марказнинг беморларга таом тайёрлаш бўйича аутсорсинг корхонаси билан тузилган шартномаси ўрганилиб, ушбу корхонанинг фаолияти яхши йўлга қўйилмаганлиги аниқланди. Хусусан, шифохонада ҳафталик таомномага риоя этилмаслик, овқатларнинг озуқавий қиймати белгиланган талабларга жавоб бермаслик ҳолатлари аниқланди.

Шу билан бирга, ўрганиш давомида жиноят судларидаги судланувчиларни вақтинча сақлаш хоналари ҳам кўздан кечирилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати