Ушбу халқаро тадбирни ташкил этишдан мақсад Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларга нисбатан инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишдаги миллий ва хорижий тажрибаларни ўрганиш юзасидан тадбир иштирокчиларига маълумотларни етказиш ҳисобланади.
Конференцияда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда қатор давлат ташкилотлари вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги комиссия аъзолари, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакили, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти”нинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси (PRI), Россия, Сербия, Венгрия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари Омбудсманлари шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Халқаро тадбирда сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Феруза Эшматова Давлат раҳбарининг жорий йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори инсон ҳуқуқлари ҳимояси Ўзбекистон учун муҳим йўналиш эканлигидан дарак беришини алоҳида қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур қарор 2019 йилда илғор халқаро тажрибаларга асосланган ҳолда иш бошлаган Омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм (МПМ) фаолиятини янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Миллий превентив механизм – қийноқнинг ҳар қандай кўринишларининг олдини олиш мақсадида мустақил халқаро ва миллий органларнинг озодликдан маҳрум этилган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам ташрифлар тизимини яратишдир.
Аслида, МПМнинг аҳамияти улкан. Қийноқлардан жабрланганлар доим ҳам улар дуч келган вазиятлар ҳақида ўз вақтида хабар бериш имкониятига эга бўлмасликлари мумкин. Мана шундай вазиятда Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳининг ўрганишлари ва мониторинг ташрифлари керакли сигнални бериши мумкин, - деди Омбудсман.
Алоҳида қайд этиш лозимки, қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари нафақат жазони ижро этиш муассасаларига, балки 200 дан ортиқ ёпиқ муассасалар, жумладан, руҳий-асаб касалликлари шифохоналари, наркологик диспансерлар, реабилитация марказлари, “Меҳрибонлик”, “Муруват” ва “Саҳоват” уйларига ҳамда бошқа қатор муассасаларга амалга оширилади.
Тадбирда қайд этилишича, МПМ дунёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Грузия, Озарбайжон, Молдова, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва бошқа қатор давлатларда жорий этилган.
Халқаро конференция ўз ишини секцияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Унда жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарадорлигини ошириш, унда фуқаролик жамияти вакилларининг тутган ўрни, миллий превентив механизм: хорижий ва Марказий Осиё давлатлари тажрибаси мавзуларига оид маърузалар тингланди ва муҳокама этилди.
Халқаро конференция якунларига кўра, маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан қийноқларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштиришга ва уларни муваффақиятли амалга оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати