Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Миллий превентив механизм: халқаро тажриба
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 8 октябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда миллий превентив механизмни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтган эди. Унда 10 га яқин мамлакат, жумладан Россия, Сербия, Венгрия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон давлатларининг  Омбудсманлари ҳам иштирок этиб, қийноқларнинг олдини олиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.  

Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькованинг сўзларига кўра, Россия Федерациясида Жамоатчилик кузатуви комиссиялари таъсис этилган. Ушбу Комиссия фаолияти маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда умумэътироф этилган тамойиллар ва халқаро стандартларга мос равишда ташкил этилган бўлиб, у Миллий превентив механизмнинг муқобил шаклларидан ҳисобланади. Ҳозирги кунда Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсмани мазкур Комиссия аъзолари билан ҳамкорликда самарали фаолият олиб бормоқда.

2020 йилда Covid-19 инфекциясининг тарқалиши муносабати билан қатъий карантин чекловлари ўрнатилган бўлишига қарамай, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва соғлиқни сақлаш тизимидаги 688 та вақтинча сақлаш муассасаларига инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича мониторинг ташрифлари амалга оширилган.

Жамоатчилик кузатуви комиссияларига 25 ёшдан ошган ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тажрибага эга бўлган Россия фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган ёки тегишли мамлакатнинг расмий вакили бўлган шахслар аъзо бўлиши мумкин. Комиссия аъзолари 3 йилга тайинланади. Адвокатлар, судланган шахслар ва маҳкумларнинг яқин қариндошлари мазкур комиссиянинг аъзоси бўлишлари мумкин эмас.  

Жамоатчилик кузатуви комиссияларининг миллий превентив механизмдан фарқи шундаки, у территориал ҳудудга кўра шакллантирилади ҳамда давлат томонидан молиялаштиришни кўзда тутмайди. Миллий превентив механизм эса махсус бўлинмаларни назарда тутади ва Омбудсман билан биргаликда фаолият юритади. Унинг бирон бир ҳудудга бириктирилмаганлиги эса назоратнинг объективлиги ва тўсатдан огоҳлантиришларсиз ўтказилишини таъминлайди.  

 

Туркия Республикаси Бош Омбудсман Шереф Малкоч ўз нутқида 2020 йилда Омбудсман институтининг фаолияти якунларига алоҳида эътибор қаратди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, ўтган йили Туркия Республикаси Омбудсманига пандемия даврида инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ 90 мингга яқин ариза келиб тушди.

Сўнгги икки йил ичида маҳкумларнинг аризалари сони 2500 га етганлиги қайд этилди. Туркия Республикаси Омбудсмани 13 маротаба турли пенитенциар муассасаларга ташриф буюриб, 170 маҳкумни ва маҳбуслар билан суҳбатлашди. Ҳар бир мониторинг ташрифи давомида Covid-19 инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ хавфсизлик чораларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Туркия дунёдаги энг кўп мигрантларни қабул қилувчи мамлакат бўлиб қолмоқда. Ҳозирги вақтда Туркияда 5,0 миллион қочоқ ва бошқа муҳожирлар бор. Омбудсман ўз навбатида ушбу қочқинларни сақлаш шароитларини ва уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ҳолатини ўрганади. Шереф Малкоч ўз сўзида Туркия Республикаси Омбудсмани 2021 йил апрель ойида Туркия Президенти томонидан эълон қилинган инсон ҳуқуқлари бўйича Ҳаракатлар режасини тайёрлаш жараёнида иштирок этганлигини эътироф этди. У, шунингдек, ушбу Ҳаракатлар режаси пенитенциар муассасаларда маҳкумлар учун шароитларнинг яхшиланишига қаратилган кўплаб қоидалар ўз аксини топганлигини айтиб ўтди.

Халқаро конференцияда Сербия Республикаси Омбудсмани ўринбосари Наташа Тангжевич ҳам маъруза қилиб, у Сербияда миллий превентив механизм доирасида ўтказилган мониторинг ташрифларида ҳуқуқ фаолларидан ташқари суд экспертлари, шифокорлар ва психологлар ҳам иштирок этаётганлигини, шунингдек Омбудсман ҳар йили аэропортлардаги вақтинча сақлаш жойларига, ҳарбий муассасаларга, психиатрия шифохоналарига, полиция участкаларига, наркология марказларига ташриф буюриш режаси тузилишини айтиб ўтди.

Мониторинг ташрифидан сўнг икки кун ўтгач Омбудсман ёзма равишда ўз тавсияларини беради. Кўпинча, тавсияларнинг асосий қисми инобатга олинади.

Бундан ташқари, миллий превентив механизм доирасида ўтказилган ўрганишларда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумларнинг шифокор, адвокат ва бошқа мутахассислар билан учраша олиш имконияти яратилганлиги алоҳида эътироф этилди.

 

Тадбирда сўз олган Қозоғистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Эльвира Азимова Қозоғистонда ҳам миллий превентив механизмнинг Омбудсман + модели жорий этилганини қайд этди.

Омбудсман 2004 йилдан буён миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасалари ва махсус ижтимоий хизматлар кўрсатувчи ва ихтисослаштирилган муассасаларга мониторинг ташрифлари ўтказилиб келинаётганлигини, ҳозирги кунгача миллий превентив механизм доирасида
3 мингдан ортиқ муассасаларга режа асосида ва режадан ташқари ташрифлар амалга оширилганлигини айтди. Шунингдек, Омбудсман ушбу муассасаларни 3 йилда камида бир маротаба бориб кўришга ҳаракат қилишини ҳамда Омбудсман сафида судьялар ва адвокатлар иштирок этмаслигини айтиб ўтди.

Омбудсман бир муаммода тўхталиб, марказдан туриб бутун мамлакатни қамраб олиш қийинлигига, бунинг учун 17 та ҳудудда кичик миллий превентив механизм доирасида гуруҳлар ташкил этилганлигига эътиборни қаратди. Омбудсман фаолиятида эса ўз вақтида кўрилган чоралар жуда муҳим ва аҳамиятга эга эканлиги айтилди.

Э.Азимова ўз сўзида Қозоғистонда ҳам миллий превентив механизм фаолиятини такомиллаштириш борасида ишлар олиб борилаётганлигини, мониторинглар давомида экспертлар, консультантлар, психологлар ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш эҳтиёжи мавжудлигини билдирди.

Шунингдек, миллий превентив механизм ишчи гуруҳи аъзоларининг дахлсизлиги ва ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ масалалар ҳал этилиши кераклиги маълум қилинди.    

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати