Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйилаётган хатоларга тўхталди
Жорий йилнинг 18 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг фуқаролар мурожаатлари асосида давлат идораларига юбораётган мурожаатларининг ижро ҳолати таҳлил қилинди.

Йиғилишда Омбудсман томонидан мамлакатимизда инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон билан белгиланган янги тартибларни амалга ошириш бўйича қилинган ишлар таҳлилига тўхталиб ўтилди.

Мазкур Фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш Омбудсманнинг устувор вазифаси сифатида белгиланди.

Шунингдек, Омбудсманга ҳам қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилиб, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни тўлдиришга имкон берилиши таъкидланди.

Йиғилишда қайд этилишича, 2021 йил 9 ойи давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили номига мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқаролари, омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 13 689 та мурожаат келиб тушган.

Таҳлилларга кўра, парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 7028 та мурожаат ўз иш юритувига олинди. Қолган мурожаатлар Омбудсман томонидан назоратга олиниб, тегишли ташкилотларга юборилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил аҳоли мурожаатлари, уларни қийнаётган масалаларга тўхталар экан, амалдаги қонун ва қонун ости нормаларини такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини ҳам билдирди.

Йиғилишда алимент қарздорлиги, хусусий мулк дахлсизлиги, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича мавжуд камчиликлари сенаторлар томонидан алоҳида таъкидланди. Шунингдек, баъзи мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган янги нормалардан етарли даражада хабардор эмаслиги сабабли, фуқаролар Омбудсманга мурожаат қилишга мажбур бўлаётгани хусусида ҳам танқидий фикрлар билдирилди.

Муҳокама натижалари юзасидан қўмита томонидан мутасадди идораларга тегишли кўрсатмалар ва тавсиялар берилиб, қарорда акс эттирилди.