Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ногиронлиги бўлган шахсларга сайлов участкаларида яратилган шароитлар ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90 ва 117 моддалари ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларининг, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлар  тенглиги кафолатланган.

Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган бўлиб, унинг 29 моддасида иштирокчи давлатлар ногиронларнинг сиёсий ҳуқуқларини ва бошқалар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини кафолатлаши ва ногиронлар бошқалар билан тенг равишда сиёсий ва ижтимоий ҳаётда бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали самарали ва ҳар тарафлама иштирок этишлари, шу жумладан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари ва имкониятларига эга бўлишларини, жумладан,  овоз бериш тартиблари, бинолари ва материаллари англаш ва фойдаланиш учун мос ва осон бўлишини таъминлаш мажбуриятларини олиши белгиланган.

Қайд этиш лозимки, ногиронлиги бўлган шахслар сайловларда иштирок этиш орқали нафақат ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланадилар, балки бу орқали ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қиладилар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси вакиллари Тошкент шаҳар, Миробод ва Яккасарой туманидаги қатор сайлов участкаларида бўлиб, у ердаги имконияти чекланган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар ҳолатини ўрганишди.

Ўрганишлар давомида имконияти чекланган шахслар учун ўз сиёсий ҳуқуқларини тўлаконли амалга ошириш учун етарлича шароитлар яратилгани, жумладан уларга алоҳида кабиналар ажратилгани, кириш ва чиқиш жойларида пандуслар жойлаштирилгани, кўриш имконияти чекланганлар учун брайл алифбосидаги бюллетень трафарети билан таъминлангани ва сайлов участкаларига сурдо таржимонлар жалб қилингани аниқланди.

“Тан олиш керакки ногиронлиги бўлган шахслар учун бу йилги сайлов жараёни олдинги йилларгидан мутлақо янгича ташкил этилган” – дейди  Ногиронлар Ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов.

- Бугунги ўрганишларимизда сайлов участкаларида пандуслар борлиги, кар ва яхши эшитмайдиган сайловчилар учун сурдо-таржимонлар ажратилгани, кўзи ожизлар учун брайл ёзувидаги трафаретларнинг қўйилиши бизни қувонтирди. Шу билан бирга ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериш жараёнларида фаол иштирок этишлари учун шарт-шароитларни яратиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча тавсиялар берилди.

Мониторинг давомида сайлов участкаларига қўйилган пандусларни белгиланган талабларга мослаштириш, кўзи ожизлар учун махсус тактил йўлакчаларни ташкил этиш, номзодлар ҳақида аудио маълумот олиш имкониятини яратиш каби тавсиялар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати