Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман мисрлик халқаро кузатувчилар билан учрашди
Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Миср Вакиллар палатасининг Ижтимоий ҳамжиҳатлик, оила ва ногиронлар қўмитаси раиси, "Мисрни қўллаб-қувватлаш" фракцияси раиси, доктор Абдулҳадий Аҳмад Ал-Касаби ва Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Амира Фаҳмилар билан учрашишди.

Учрашувда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил меҳмонларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган асосий ислоҳотлар, жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиянинг тасдиқлангани ва жорий йилда қийноқларни олдини олишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори аҳамиятига тўхталди.

Шунингдек, мамлакатимизда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг ратификация қилиниши жисмоний имкониятлари чекланган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш сари босилган яна бир муҳим қадам экани таъкидланди. Шу муносабат билан Президентлик сайловларида ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган қўшимча имкониятлар, сурдо таржимон, кўзи ожиз сайловчилар учун тайёрланган брайл ёзувидаги трафаретлар, овоз бериш учун алоҳида кабинка ажратилгани ва бошқа шароитлар ҳозирлангани бўйича Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан амалга оширилаётган мониторинглар натижаси бўйича сўзлаб берилди.

Қолаверса, сайлаш ҳуқуқига эга бўлган маҳбус ва маҳкумларнинг эмин-эркин, ҳеч қандай тазйиқларсиз овоз беришлари учун мунтазам равишда ёпиқ муассасалар ўрганилаётгани ҳам қайд этилди. 

Миср Вакиллар палатасининг Ижтимоий ҳамжиҳатлик, оила ва ногиронлар қўмитаси раиси,  доктор Абдулҳадий Аҳмад Ал-Касаби ҳам Мисрда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, Миср парламенти икки палатадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирида Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита мавжуд ва улар инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий йўналиши сифатида гендер тенглигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишади.

Ўзаро мулоқот давомида Ўзбекистон ва Миср Омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Амира Фаҳми ҳам икки мамлакатлар Омбудсман институтлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Меҳмонлар 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг муваффақиятли ўтишига тилак билдиришди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Маьбуот хизмати