Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 6 декабрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги ва Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Олий суд, Омбудсман ҳузуридаги ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Aдлия вазирлиги, фуқаролик жамияти институти вакиллари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари ва ОАВ иштирок этишди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги ва Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан ташкил этилиб, унда Омбудсман фаолияти таҳлил қилиниб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда кириш сўзи билан иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов Омбудсман институти конституциявий мақом олганига тўхталар экан, жорий йилнинг ўзида  Давлат раҳбари томонидан “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзолангани ва ушбу ҳужжатлар Омбудсман фаолиятини янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини қайд этди.

Шу билан бирга бугунги тадбирда муҳокама қилинаётган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг аҳамиятидан ва инсон ҳуқуқлари бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатидан келиб чиқиб, уни янги таҳрирда қабул қилиш таклифини ҳам билдирди.

Шунингдек, Акмал Холматович Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистон стратегияси» номли китобида мамлакатимизнинг кейинги беш йиллигида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилиши белгиланган ислоҳотларга тўхталди.

Давра суҳбатида сўз олган ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Пьер Фон Аркс Омбудсман институтини фуқаролар ва давлат идоралари ўртасидаги кўприк, унинг устунлари эса Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқий асосидир дея таърифлади.

Фуқаролар кўприкнинг мустаҳкам эканлигига  ишонч ҳосил қилсагина ундан ўтади. Демак, Омбудсманнинг ҳуқуқий асоси қанчалик мустаҳкам бўлса, унга фуқаронинг ишончи шунча ортади.  Шу ўринда ушбу қонун лойиҳасининг халқаро стандартларга мос эканлиги масаласи ҳам жуда муҳим. Биз бу борада 1993 йилда қабул қилинган Париж тамойилларига таянамиз. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори мазкур қонун лойиҳасининг мустаҳкам ва барқарор бўлиши тарафдоримиз ва бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланган.   Бош қомусимизнинг 13 моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгиланган. Шу нуқтаи назардан, Омбудсман институтининг ҳам асосий мақсади инсонларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланишига эришишдан иборат.

Йиғилишда қайд этилишича, 2021 йил 10 ойи давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили номига мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқаролари, омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 15 373 та мурожаат келиб тушган ва парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 7 мингдан ортиқ мурожаатлар ўз иш юритувига олинган. Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан вазирлик ва идораларга 33 та хулоса ва 15 та тақдимнома киритилди. Бундан ташқари, судларга 44 та даъво аризалар киритилган ва Омбудсман Котибияти ходимлари судларда кузатувчи сифатида 86 маротаба иштирок этган.

фото муаллифи М.ДЖАНГИРОВ

Давра суҳбатида қайд этилишича, Давлат раҳбарининг жорий йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони  ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги муҳим тарихий қадам бўлди. Унда амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунни Фармонда акс этган ислоҳотлар асосида такомиллаштириш вазифаси қўйилган.

Мазкур ҳужжатнинг муҳим янгиликларидан бири, Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилаётганидир. Бу бежиз эмас, чунки инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид энг самарали таклифлар айнан Омбудсманнинг кундалик амалиётида, одамлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, суд ҳокимияти ва экспертлик ҳамжамияти билан бевосита ҳамкорликда шаклланади. Бу борада ечимини кутаётган муаммолар ҳам айнан шу жараёнда юзага чиқади.

Тадбирда иштирокчилар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида муҳокама қилиниб, уни янада такомилига етказиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги ва Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Омбудсман билан ҳамкорликда ишлаган давлат ва нодавлат идоралар вакиллари ташаккурнома билан тақдирланишди.

фото муаллифи М.ДЖАНГИРОВ

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати