Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг роли
Бугун пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Фуқаролик жамияти аёллар ташкилотлари иштирокида “Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги БМТнинг 1325-сонли резолюциясини амалга ошириш” мавзусидаги минтақавий форуми бўлиб ўтмоқда.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти раиси Т.Нарбаева, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Н.Герман, “БМТ-Аёллар” тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси директори А.Эль-Яссир ва бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлари, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларидан 30 дан ортиқ фуқаролик жамиятларининг аёл вакиллари иштирок этмоқда.

Биламизки, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти минтақадаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ролини ошириш ҳамда барқарор ривожланиш билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида норасмий минтақавий платформа сифатида ташкил этилган.

Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти қисқа вақт ичида гендер тенглиги ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш, минтақа аёллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган аёлларнинг муҳим норасмий коалицияси эканлигини исботлади.

Мулоқот бошланганидан буён қатор учрашувлар ўтказилиб, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга оид кўплаб долзарб масалалар, бу борадаги минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ялпи мажлис шаклида ўтган форумнинг қолган қисмида “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” глобал кун тартиби – 2000-2021 йилларда амалга оширилган умумий ишлар, Марказий Осиёда “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартибини тарғиб қилиш бўйича қарорлар қабул қилишда хотин-қизларнинг ўрни, Фуқаролик жамияти ташкилотларининг “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартибини амалга оширишга қўшадиган ҳиссаси учун минтақавий механизмлар ва платформалар” мавзусида муҳокамалар қилинмоқда.