Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли ошмоқда
Тошкентда 13-14 январь кунлари “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг жамиятда қайта ўрнини топишида давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги” мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” Республика жамоат бирлашмаси, Германия Халқ университетлари ассоциацияси (DVV)нинг мамлакатимиздаги бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) кўмагида ташкил этилди.

Европа Иттифоқи ҳамда Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги молиявий кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида бўлиб ўтаётган давра суҳбатида республикамизнинг турли ҳудудларидан фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.

Анжумандан кўзланган мақсад фуқаролик сектори ташкилотлари ва давлат идоралари ҳамкорлиги орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан мониторинг йўналишида амалга оширилаётган ишлар бўйича тажриба алмашишдан иборат.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятига тўхталаркан, жумладан, судланган ва жазодан озод этилган шахслар ҳуқуқи ҳимоясини таъминлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш жамият олдида турган муҳим вазифа эканини таъкидлади.

Йиғилишда лойиҳа доирасида аввалроқ тренингдан ўтган фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳуқуқларини таъминлаш мониторинги бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Айни йўналишдаги фаолият жараёнида учраётган муаммолар муҳокама қилинди.

Иштирокчилар тадбирнинг ўзига хос амалий аҳамиятини таъкидлаб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимларни чуқурлаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳуқуқларига риоя этилиши мониторинги бўйича ишларни янада ривожлантириш ва мунтазам равишда ўзаро тажриба алмашиш мақсадга мувофиклигини эътироф этдилар.

14 январь куни иштирокчилар Омбудсман кўмагида Тошкент вилояти Зангиота туманидаги жазони ижро этиш муассасасида бўлиб, ўз мониторинг кўникмаларини амалда қўллаш имконига эга бўлдилар.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати