Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Тошкент давлат юридик универститети профессор-ўқитувчилари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказ ходимлари, шунингдек, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбатида қайд этилишича, Давлат раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги муҳим тарихий қадам бўлди. Унда амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунни Фармонда акс этган ислоҳотлар асосида такомиллаштириш вазифаси қўйилган.
Тадбирда сўз олганларнинг қайд этишларича, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда Парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, яъни Омбудсман институтининг ўрни ва ваколатлари тобора кенгайиб бормоқда Айниқса, .мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоя асосида ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар янада жадаллаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу ислоҳотлар жараёнида Омбудсман фаолиятини тартибга солувчи Қонуннинг ҳар томонлама такомилига етказилган ва амалда тўлиқ ишловчи ҳужжат сифатида қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасида мазкур соҳани тартибга солувчи бир қатор илғор давлатларнинг қонун ҳужжатлари, хусусан Финляндия, Польша, Болгария, Венгрия, Сербия, Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси, Украина, Арманистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва бошқа давлатлар қонунчилиги атрофлича ўрганилган.
Шуниндек, мазкур қонун лойиҳасини инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги халқаро мақомдаги ҳужжатлар талаблари асосида такомиллаштириш мақсадида ушбу ҳужжат БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) каби нуфузли халқаро ташкилотларга экспертиза учун юборилган.
Шу билан бирга Омбудсман фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамасидан ўтган.
Давлат раҳбарининг Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси 7 боб ва 46 моддадан иборат бўлиб, унда Омбудсман ўз олдида турган вазифаларини монеъликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар ҳамда унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилиш чоралари, Омбудсманнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқларини беришга оид янги моддалар акс этган.
Шунингдек, Омбудсманнинг доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари мақоми, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида «Омбудсман қутиси»ни сақлашнинг ҳуқуқий механизмлари, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан жамоатчиликни хабардор қилиш тартиби ва механизми, Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлисга ҳамда давлат органларига тизимли равишда ахборот тақдим этиш тартиби ва қатор бошқа нормалар акс этган.
Тадбирда иштирокчилар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида муҳокама қилиниб, уни янада такомилига етказиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати