Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман кўмаги билан 53 нафар маҳкумга инсонпарварлик далолатномалари қўлланилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) “Ишонч телефони”га Тошкент вилоятидаги 43-сонли манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган 28 ва 50-сонли манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган 25 ҳамда Самарқанд вилоятидаги 38-сонли манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган 8 нафар маҳкумнинг мурожаатлари келиб тушган эди. Ушбу мурожаатларда, маҳкумлар озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазонинг белгиланган қисми ўталган бўлишига қарамай, уларга нисбатан инсонпарварлик далолатномаси қўлланилмаётгани баён қилинган.

Мурожаатлар Омбудсман томонидан ўрганилиб, Ички ишлар вазирлиги ва Олий судга ушбу ҳолатни бартараф этиш юзасидан мурожаати киритилиб, ижроси назоратга олинган. Натижада, Жиноят ишлари бўйича тегишли судларнинг ажрими билан 48 нафар маҳкумга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ахлоқ тузатиш ишларига, 3 нафар маҳкумга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли равишда озод этишга ва 2 нафар маҳкумга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Қолган 8 нафар маҳкумнинг интизомий жазоси мавжуд бўлганлиги сабабли инсонпарварлик далолатномаси қўлланилиши рад этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73, 74, 89-моддаларида жазони ўташда муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш тартиби белгиланган.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар, жумладан гауптвахта, интизомий қисм, тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш колониялари ва мажбурий даволаш муассасаларида сақланаётган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари, Омбудсманга “10-96” қисқа рақамли “Ишонч телефони”, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ушбу муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қутилари” ёки ушбу жойларда сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари info_ombudsman.uzb@umail.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилишлари мумкин.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати