Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қонунчилигимизда ўқитувчи мақоми мустаҳкамланиши лозим
Инсонни инсон қилиб камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга кириши ва мустаҳкам ўрин олишида ўқитувчи ва мураббийлар, домлаларнинг, барча таълим соҳаси фидойиларининг ҳиссаси беқиёсдир.

Устозлик олий рутба, ўта масъулиятли ва юқори мақомга эга касб. Унга эришиш учун эринмай меҳнат қилиш ва тер тўкиб ишлашга тўғри келади. Бемисл меҳнат, тинимсиз изланиш, билим жавоҳирларини йиғиб, уни шогирдларига улашиш устозлик обрўсини улуғ қилади.

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 72 ихтисослаштирилган мактаби ўқитувчилари саҳнага ота-оналар қаршисига чиқиб, улардан кечирим сўрашга мажбур қилингани ва бу иш ҳоким ёрдамчиси ва туман ХТБ раҳбарининг ташаббуси экани ҳақидаги хабар тарқалди.

Омма олдида ўқитувчиларнинг камситилиши, шаъни ва қадр-қимматини оёқ ости қилинишини ҳеч ҳам оқлаб бўлмайди.

Мамлакатимизда жорий йил Президентимиз томонидан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинди.

“Инсон қадрини улуғлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир”-деб таъкидлади Давлат раҳбари.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

Бош қомусимизнинг 48-моддасида фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар - деб белгиланган.

Шуни айтишимиз керакки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар юқоридаги ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришлари, айбдорларни аниқлаши ва муқаррар жазолашлари лозим.

Шу ўринда педагог ходимларнинг мақомини қонун билан тасдиқлашга оид халқаро тажриба мавжуд эканлигини эслаш ўринли. Бунга мисол қилиб, БМТнинг Ўқитувчи мақоми тўғрисидаги тавсиясини келтириб ўтиш мумкин.

Хусусан, кўпгина Европа давлатларида ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг ижтимоий мақоми анча юқори бўлиб, улар давлат хизматчиларига тенглаштирилган.

Бугун бизда ҳам давлат ва жамиятда ўқитувчи (педагог)нинг мақомини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга жиддий ҳаракат қилинмоқда. Шундан келиб чиқиб, қонунчилигимизда ўқитувчи (педагог)нинг мақоми мустаҳкамланиши лозим.

 

Алия ЮНУСОВА

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил