Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг 2021 йилги фаолияти таҳлил қилинди
2022 йил 11 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2021 йилдаги фаолиятлари тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлат фуқаролари, Омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ҳамда бошқа юридик шахслардан 18738 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 39,6 фоизи фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 29,9 фоизи ижтимоий, 24,3 фоизи иқтисодий, 5,6 фоизи сиёсий, 0,6 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.

Шунингдек, Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикасининг 39 та қонун лойиҳаси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 141 та моддаларига таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Вакил томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши ҳамда инсон ҳуқуқларининг таъминланганлиги бўйича бир қатор мониторинг тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг БМТ органлари, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси, USAID, Халқаро қамоқхоналар ислоҳотининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси каби халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги фаол ривожланиб бормоқда.

Мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилди. Боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади.

Таъкидланганидек, 2021 йилда Болалар омбудсмани номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларидан, болалар ҳамда улар қонуний вакиллари томонидан 182 та мурожаат келиб тушди. Ҳисобот даврида Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан 123 та сўров давлат ташкилотларига юборилди.

Шу билан бирга, бола ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганларга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросининг назоратини олиб бориш ва тегишли органлар билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат бошқаруви органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга 47 та сўров жўнатилди.

Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда 31 та мониторинг ўтказилди. Мониторинглар 6 та ҳудудда Самарқанд, Навоий, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилиб, 600 га яқин фуқаролар билан учрашилди. 150 га яқин фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлашилди.

Тадбирда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати