Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тадбиркорларга 145 млн. сўмлик ортиқча тўланган солиқ тўловлари қайтариб берилди
Жорий йилнинг 14 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўз фаолиятини асосан, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга, қонунчиликни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинг фаолиятига қаратиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда Омбудсман фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратди.

Ўтган даврда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 18738 та мурожаат келиб тушди. Ушбу кўрсаткич 2020 йилда 14975 тани ташкил этган.

Ҳисобот даврида Омбудсман парламент назорати субъекти сифатида 11257 та мурожаатни ўз иш юритувига олиб, уларнинг 2517 таси ёки 23 фоизи ижобий ҳал этилди. Энг муҳими, Омбудсман томонидан мурожаатлар асосида тадбиркорларга 145 млн. сўмлик ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариб беришда кўмак берилди.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, Президентимизнинг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда мониторинг ташрифларини амалга ошириш белгиланган.

2021 йилда Омбудсман томонидан мониторинг ташрифларини амалга ошириш тизимли равишда йўлга қўйилиб, 177 маротаба ушбу ташрифлар амалга оширилди. 2020 йилда эса мазкур ташрифлар 76 маротабани ташкил этган.

Мониторинг ташрифлари давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган жойларда ушлаб турилган ва сақланаётган 4,5 мингга яқин шахс билан жамоавий ва 758 нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Ташриф якунлари бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрланиб, ҳар чоракда Олий Мажлис палаталарига, вазирлик ва идораларга юборилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматованинг маълум қилишича, Омбудсман ҳисобот даврида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан ишлаб чиқилган ва “project.gov.uz” электрон тизимига жойлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўрганиб чиқиб, 39 та лойиҳанинг 141 та моддасига ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Шундан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларнинг 9 таси бўйича билдирилган 47 та таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинди.

Йиғилишда фракция аъзолари Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти якунларини муҳокама қилиш билан бирга, фуқароларнинг таълим олишга, малакали тиббий хизматдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолияти механизмларини такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар билдирган ҳолда, Вакилнинг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботини маъқуллади.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан партия фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.