Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан мониторинг ташрифлари амалга оширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5163-сон қарорида Омбудсман ҳамда унинг ҳузурида тузилган қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳар чоракда мунтазам равишда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш белгиланган.

Қайд этилганларга кўра ҳамда маҳкумларнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексида қайд этилган ҳуқуқларини таъминлаш ҳолатини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 4 март куни Омбудсман Котибияти масъул ходимлари, Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили Рустам Камолов ҳамда Омбудсман ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари вакиллари, жумладан “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси директори Гулзира Шарипова, “Эзгулик” жамияти марказий бошқарув аъзоси Бекзод Нурматов, “Ҳуқуқий таянч” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Аъзам Фармоновлар иштирокида Тошкент вилоятидаги 7 ва 13-сон колонияларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифи Тошкент вилоятидаги қаттиқ тартибли жазони ижро этиш муассасаси ҳисобланувчи 13-сон колониядан бошланди. Ташриф давомида, Омбудсман Котибияти томонидан шу колонияда жазо ўтаётган ва меҳнатга жалб қилинган маҳкумларга иш жараёнида фойдаланиш учун беғараз ёрдам сифатида оёқ кийимлар ва махсус уст бошлар тарқатилади.

Шундан сўнг, маҳкумлар учун яратилган ва яратилиши лозим бўлган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида колониянинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тиббиёт бўлими, ишлаб чиқариш ҳудуди ва маҳкумларнинг яшаш жойлари кўздан кечирилди.

Бунда асосан аввалги ташриф давомида аниқланган салбий ҳолатларнинг бартараф этилганлигига эътибор қаратилди. Жумладан, қисқа муддатли учрашув хонаси таъмирдан чиқарилган. Аввал берилган тавсиялар асосида шароитлар яратилган. Узоқ муддатли учрашувга келган шахслар учун колония ҳудудига кириш қисмида иқлим шароитларига мос ҳолда алоҳида кутиш жойи қилинган ва фойдаланишга топширилган.

Ташриф давомида, маҳкумларга озиқ-овқат таъминоти Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган меъёрлар талаблари асосида берилаётганлиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш ҳолатлари ҳам алоҳида ўрганилди.

Мониторинг ташрифи иштирокчиларининг кейинги манзили, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги 7-сон колония бўлди. Ушбу колонияга амалга оширилган ташриф давомида ҳам асосий эътибор аввал берилган тавсияларнинг бартараф этилганлигига қаратилди.

Ушбу колониядаги ошхона тўлиқ қайта таъмирлашдан чиқарилиб фойдаланишга топширилганлиги ва овқат тайёрлаш жараёнида санитария-гигиена қоидаларига амал қилинаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган ва ногиронлиги туфайли ўзи эркин ҳаракатлана олмайдиган маҳкумларга яратилган шарт-шароитлар ҳам алоҳида кўздан кечирилди. Ушбу маҳкумлар билан қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланишларида тўсиқлар йўқлиги юзасидан суҳбатлар ўтказилди.

Ташриф давомида маҳкумларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар икки колония ҳудудида онлайн дўкон фаолияти ҳам йўлга қўйилганлиги маълум бўлди. Маҳкумлар учун ушбу онлайн дўкондан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланишлари учун шароитлар яратилган.

Мониторинг ташрифи давомида колонияларда маҳкумлар билан оммавий ва якка тартибда ҳоли учрашувлар ҳам ташкил этилди. Омбудсман номига мурожаат этиш истагини билдирган маҳкумларнинг мурожаатлари қабул қилиб олинди ва иш юритувига олинди.

Ташриф давомида аниқланган салбий ҳолатлар юзасидан колония мутасадди ходимларига бир қатор тавсиялар бериб ўтилди. Келгусида Омбудсман томонидан Жамоатчилик гуруҳлари иштирокида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга ошириладиган мониторинг ташрифлари янада жадаллаштирилади.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати