Минтақавий вакил Жеңисбай Шлымбетов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 6-минтақавий мувофиқлаштириш маркази 2-сон тергов ҳибсхонасига бориб, мурожаатчи билан учрашди.
Аниқланишича, мурожаатчи А.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан айбланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниб, 2-сон Тергов ҳибсхонасида 2022 йил 28 январдан буён сақланмоқда.
Юрак касаллиги бўйича узоқ йиллардан буён даволаниб келган маҳбуснинг сўзларига кўра, қамоққа олинганидан кейин соғлиги ёмонлашган ва 2022 йилнинг 2 февраль куни 2-сон Тергов ҳибсхонаси томонидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалида кардиолог ва невропатолог шифокорлари кўригидан ўтказилган. Кўрик натижаси бўйича тегишли шифокорлар томонидан ЭхоКС, ФЭМ, бош мия МРТ-текшируви ва ЭЭГ текширувидан ўтказилиши тавсия этилган.
Суҳбатда маҳбус бугунги кунда ҳибсхонанинг тиббий бўлимида даволанаётганини маълум қилиб, зарур ихтисослаштирилган тиббий текширувдан ўтиш учун унинг оилавий шароити йўқлигини билдирди ва минтақавий вакилдан малакали тиббий ёрдам учун ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасида даволанишда амалий ёрдам сўради.
Шунингдек, суҳбат давомида 4 нафар фарзанди борлигини ва 1 нафар ўғил фарзанди кўз касаллигига чалинганлигини айтиб, фарзандини даволатишда амалий ёрдам сўради. Суҳбатда мурожаат муаллифи ушбу тергов ҳибсхонасидаги шарт-шароитлардан ва у ердаги ходимларнинг ҳаракатларидан норозилиги йўқлигини билдирди.
Минтақавий вакил кўмагида мурожаатчи А.А. ихтисослаштирилган тиббий текширувдан ўтказиш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига олиб борилди ва ташхис қўйилди.
Айбланувчи бугунги кунда 2-сон Тергов ҳибсхонасининг даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатиш бўлимида даволанмоқда.
Шунингдек, унинг 6 ёшли фарзанди кўз касаллиги бўйича Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон бўлимида шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.
Кўрик натижасида шифокорлар томонидан беморни операция қилиш кераклиги хулосаси берилди. Ҳозирда беморнинг оилавий шароити инобатга олиниб, уни мазкур муассасада бепул операция қилиш режалаштирилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (Омбудсман) Ахборот хизмати