Мониторинг ташрифида тергов ҳибсхонасидаги Вояга етмаганлар билан суҳбатлашилганда ҳибсхонадаги шароитлар ва озиқ-овқат таъминотидан шикоятлар келиб тушмади.
Шунингдек, мониторинг давомида яккама-якка тарзда учрашмоқчи бўлган маҳбус ва маҳкумлар мурожаатлари тингланди. Жумладан, Ш.Б. жиноят ишлари бўйича Қувасой шахар судининг 14.03.2022 йил кунги хукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисм “а” банди билан 6 йил 6 ой муддатга озодликдан махрум қилинганлиги, суд ҳукмига нисбатан апелляция шикояти ёзганлиги, ишни кўриб чиқилишида қатнашиб, амалий ёрдам беришни сўраган. Маҳбусга зарарни тўлиқ қоплаш чораларини кўрган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаслиги тушунтирилди.
Маҳкумалардан бири соғлиғидаги муаммолар туфайли ҳибсхона тиббиёт бўлими шифокорига мурожаат қилганида унга ўз вақтида керакли муолажалар ўтказилаётгани ва озиқ-овқат таъминотидан ҳам шикояти йўқлигини билдирди.
аниқланишича, ҳибсхонадаги даволаш профилактика-ёрдам кўрсатиш бўлимида шифокор дерматовенеролог ва психолог лавозимлари вакант бўлиб турибти.
Тергов ҳаракатларини ўтказиш учун мўлжалланган хоналарни кўздан кечириш жараёнида, бу тоифадаги хоналар видеокузатув воситалари билан жиҳозлангани ва адвокатлар исталган вақтда адвокатлик сўровномаси билан тергов жараёнларида тасвирга олинган видеоматериалларни талаб қилиб олиши мумкинлиги айтилди.
Ҳибсхонадаги адвокат билан учрашув хоналари камерадан ҳоли бўлиб, адвокатлар бугунги кунда муассасада сақланаётганлар билан монеликсиз учрашаётганлиги аниқланди.
Муассасадаги ошхона кўздан кечирилганда тергов ҳибсхона бошлиғининг ойлик тасдиқланган менюсига асосан ҳибсхонада сақланаётган маҳкум ва маҳбусларга таомлар тайёрланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ ва таомномага мос берилаётгани маълум бўлди.
Мониторинг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати