Ўрганиш кунида жами 656 нафар маҳкумларнинг 362 нафари махсус шартнома объектларида, 44 нафари қўшимча хўжаликларда, қолган 250 нафар маҳкумлар манзил колонияда жазо муддатини ўташмоқда.
Манзил-колониядаги маҳкумларни иш билан таъминлаш мақсадида тикувчилик, ўймакорлик ҳамда пластикдан эшик ва деразалар ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилган.
Колонияда маҳбуслар ётоқхонаси учун иккита бино ажратилган, биринчи бино таъмирталаб бўлганлиги сабабли барча маҳкумлар иккинчи бинога жойлаштирилган, шу сабабли хоналарга меъёридан ортиқча кроватлар ўрнатилган.
Маҳкумлар ўзлари истеъмоли учун очиқ майдонга ҳар хил турдаги маҳсулотлар ҳамда манзарали гул кўчатлари экишган.
Ювиниш хоналарининг санитар ҳолати қониқарли.
Колонияда маҳкумлар фойдаланилаётган ошхона атрофлари шароитдан келиб чиқиб елим материаллар билан ўралган. Бу эса санитария-гигиена меъёри талабларига тўғри келмайди. Минтақавий вакил томонидан алоҳида ёпиқ, барча шароитларга эга ошхона қуриш тавсия этилди.
Қисқа, узоқ муддатли учрашувлар учун ажратилган бино ва хоналар таъмирталаб ҳолатда, мебеллар ҳам эскирган,
Ўрганиш кунида 3 нафар маҳкумларга интизомий жазо қўлланилиб, изоляторда жазо ўтаётганлиги аниқланди. Интизомий жазо қўлланилган маҳкумлар билан алоҳида суҳбат ташкил этилди.
Манзил-колониядаги тиббий хизмат ҳолати ўрганилганда, маҳкумларга биринчи ёрдам учун дори-дормонлар ажратилгани аниқланди. Мониторинг куни тиббий хизмат кўрсатувчи 2 нафар ходимнинг бетоблиги сабабли маҳкумларга тиббиёт соҳасида билим ва тажрибага эга бўлган маҳкум хизмат кўрсатаётгани аниқланди.
Колония раҳбарига даволаш бўлимига қўшимча тиббиёт ходимини ажратиш ҳамда янги ишлаб чиқариш цехлари очиш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш тавсия этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати