Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 26 июнда “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5163-сон қарори имзоланган.

Ушбу қарорга кўра,Омбудсман ҳамда унинг ҳузурида тузилган қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам равишда мониторинг ташрифларини амалга ошириш белгиланган.

Қайд этилганларга кўра ҳамда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланаётган жойларда ушлаб турилган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланганлик ҳолатини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Омбудсман Феруза Эшматова, унинг Котибияти масъул ходимлари ҳамда Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Женисбай Шлымбетовва Жамоатчилик гуруҳлари вакиллари иштирокида Қорақалпоғистон Республикасидаги бир қатор ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Икки кунлик мониторинг ташрифи Нукус шаҳридаги 2-сон Тергов ҳибсхонасидан бошланди. Ушбу ҳибсхона эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган айбланувчилар ва судланувчиларни сақлаш учун мўлжалланган. Умумий сиғими 350 нафар шахсга мўлжалланган. Ташриф куни 252 нафар шахс сақланаётганлиги маълум бўлди. Ташриф давомида, қамоққа олинган айбланувчи ва судланувчиларни сақлаш шароитлари, қисқа муддатли учрашув хоналари, тиббиёт бўлими ҳамда уларнинг яшаш жойлари кўздан кечирилди.

Мониторинг давомида, маҳкумларга озиқ-овқат таъминоти Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган меъёрлар талаблари асосида берилаётганлиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш ҳолатлари ҳам алоҳида ўрганилди.

Тергов ҳибсхонасига амалга оширилган мониторинг ташрифи давомида у ерда сақланаётган шахслар билан жамоавий тартибда суҳбатлар ўтказилиб, сақланаётган шахсларнинг шарт-шароитлар ҳақидаги фикрлари эшитилди. Ташриф якунида эса, сақланаётган айрим шахслар билан уларнинг ҳохишига кўра Омбудсман томонидан “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилди.

Омбудсман бошчилигидаги мониторинг ташрифи иштирокчиларининг кейинги манзили, Нукус шаҳридаги 1-сонли Руҳий-асаб касалликлари диспансери бўлди. Ушбу диспансерга амалга оширилган ташриф давомида ҳам асосий эътибор беморларга яратилган шарт-шароитлар ва уларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланишига қаратилди.Ушбу диспансерда ташриф куни 396 нафар бемор даволанаётганлиги маълум бўлди.

Ташриф давомида, мазкур муассасада даволанаётган беморларни озиқ-овқат билан таъминловчи аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркор томонидан белгиланган меъёрлар асосида ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари берилаётганлиги ўрганилди ҳамда зарурий тавсиялар берилди.

Шунингдек, ушбу диспансерга амалга оширилган мониторинг ташрифи давомида диспансер раҳбариятига болаларга хизмат кўрсатувчи бўлимида хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда болалар ўйингоҳи ташкил этиш юзасидан тавсия берилди.

Икки кунлик ташриф давомида, Нукус шаҳридаги Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлашга мўлжалланган махсус қабулхона, Нукус шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармасининг Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий филиали, шунингдек Қўнғирот туманида жойлашган 28 ва 27-сон Манзил-колонияларига ҳам мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Ўрганиш якунларига кўра аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли муассаса раҳбарига зарурий тавсиялар берилди.

Қайд этиш лозимки, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича ўтказилган мониторинг натижалари Вакилнинг Олий Мажлис палаталарига  тақдим этадиган йиллик ахборотида акс этади.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати