Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Намангандаги минтақавий вакили кўмагида мурожаатчига имтиёзли кредит ажратилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) Наманган вилояти, Чуст тумани Олмос қишлоғи, Булоқбоши МФЙда яшовчи фуқаро М.Н. оилавий шароити ёмонлиги туфайли аёллар дафтарига киритишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг ёзишича, туман ҳокимиятига шу масалада қилган мурожаатлари бесамар кетган.

Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ўрганиш учун Наманган вилоятидаги минтақавий вакил Жаҳонгир Валиевга юборилди.

Жаҳонгир Валиев мазкур мурожаатни жойига чиқиб ўрганди. Ўрганиш жараёнидада “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Чуст туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ходими, Булоқбоши МФЙ раиси ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича Чуст туман ҳокимининг ёрдамчиси ҳам иштирок этди.

Аниқланишича, мурожаатчи аёлнинг ҳақиқатдан ҳам оилавий шароити оғир ва ишсиз бўлгани учун доимий даромадга муҳтож.

Ўрганиш натижаларига кўра, фуқаро М.Н.га Булоқбоши МФЙ томонидан бир марталик 500 минг сўм нақд пул кўринишида моддий ёрдам ажратилди ва мурожаатчи аёллар дафтарига киритилди.

Мурожаатчининг ойлик даромадга эга бўлиши учун ҳоким ёрдамчиси томонидан “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурига асосан имтиёзли кредит ажратилди. Мазкур маблағлар ҳисобига фуқаронинг чорвачилик билан шуғулланиши учун жами 32 млн сўмлик 12 дона қўй унинг хонадонига етказиб берилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати