Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ва Адлия вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари белгиланди
Инсон қадрини улуғлаш, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланган. Бу борада Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Адлия вазирлиги ва уларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.

Қайд этиш лозимки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Адлия вазирлиги ўртасида 2005 йилда ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, кадрлар салоҳиятини ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш борасида самарали ҳамкорлик қилинмоқда.

Мамлакатда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ушбу давлат органларига ҳам алоҳида масъулият ва вазифалар юклайди. Шундан келиб чиқиб, Омбудсман институти ва Адлия вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича чора-тадбирлар рeжаси тасдиқланди ва ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Улардан бири инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини доимий равишда таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан ишларни ташкил этиш, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишдир. Бунда Омбудсман томонидан амалга оширилган ўрганишлар, назорат тадбирлари ҳамда келиб тушаётган мурожаатлар натижалари таҳлилларидан келиб чиқиб қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳолатларни аниқлаш ва мазкур ҳолатларни олдини олишга қаратилган чоралар кўриб бориш ҳам белгиланмоқда.

Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, Омбудсман Котибияти ходимлари ва минтақавий вакилларнинг салоҳиятини ошириш ва бошқа йўналишларда ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати