Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман кўмагида Чернобиль АЭС қатнашчисига субсидия ажратилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) Тошкент шаҳридан 2-гуруҳ ногирони, Чернобиль АЭС қатнашчиси бўлган фуқаро М.Н. имтиёзли асосда уй-жой олиш бўйича мурожаати тегишли органлар томонидан қонун доирасида кўриб чиқилмаётгани бўйича мурожаат қилди.

Мурожаатчининг ёзишича, у оила аъзолари билан ноқулай шароитда яшаб келади. Қонунчилик нормаларида Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларга пул компенсациялари ва имтиёзлар назарда тутилган бўлишига қарамай, унинг уй-жой харид қилиш бўйича субсидия ажратиш ҳақидаги мурожаати ижобий ҳал этилмаган.      

Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ўрганилиши натижасида фуқаронинг шу масалада бир неча йилдан буён тегишли идораларга мурожаат қилаётгани ҳамда унинг мурожаатини кўриб чиқишда тегишли норматив ҳужжатлар меъёрларига тўлиқ амал қилинмаганлик ҳолатлари аниқланди.

Шундан сўнг фуқаро мурожаатини қонунчилик асосида кўриб чиқиш бўйича тегишли давлат идораларига мурожаат қилинди. Натижада 2-гуруҳ ногирони, Чернобиль АЭС қатнашчиси бўлган фуқаро М.Н.га уй-жой харид қилиши учун субсидия ажратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати