Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (Омбудсманга) ички ишлар тизимида фаолият юритган ва ноқонуний ишдан бўшатилган 3 нафар собиқ ходим томонидан мурожаат келиб тушган ва улар Омбудсман назоратига олиниб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига хулоса тақдим этилган.
Натижада Омбудсман хулосалари инобатга олиниб, ҳозирда барча мурожаат муаллифлари бор махсус унвони билан ИИВ кадрлар сафига қўшилиб, орадаги узилиш даврини хизмат муддатига қўшган ҳолда хизматга тикланди ва ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда ички ишлар тизимида таркибий ва ташкилий ўзгаришлар амалга оширилиб, ходимларнинг 85 фоизи қуйи тизимга ўтказилди. Бу жараёнда турли сабабларга кўра хизматдан бўшатилган ва ҳозирда хизматни давом эттириш истагини билдирган собиқ ходимларни ўз жойига тиклаш ҳам маълум бир вақт талаб этади.
Мазкур ҳолатни тизимдаги ижобий ўзгариш ва давлат томонидан олиб борилаётган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар маҳсули сифатида кўриш мумкин.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати