Қайд этиш лозимки, Омбудсманга юборилаётган фуқаролар мурожаатлари таҳлили аҳолининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан бехабар эканликларини кўрсатди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман институти томонидан мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга зарурат бўлган соҳалар танлаб олинди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳасини амалга оширишдан мақсад –аҳолини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги туб ўзгаришлар тўғрисидаги хабардорлигини оширишдан иборат.
Бухоро вилояти, Вобкент тумани "Истиқлол" МФЙ фаоллари учун ташкил этилган илк "Омбудсман мактаби" тадбири 2-сонли мактабда ташкил этилди.
Тадбирда сўз олган, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, “Омбудсман мактаби” доирасида ўтказиладиган тадбирларда тегишли давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ННТ вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари жалб этилишини қайд этди.
- Ўзаро мулоқотлар давомида танланган соҳалар ва масалалар бўйича фаолият юритадиган ваколатли давлат органларига асослантирилган мурожаатларни киритиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби бўйича аҳолининг ҳуқуқий маданияти оширилади. Бу эса фуқароларга амалий ва манзилли ёрдам кўрсатишда давлат органи ва аҳоли ўртасида конструктив алоқаларни ўрнатилишига хизмат қилади.
Омбудсман мактаблари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан мунтазам равишда республика бўйлаб ташкил этилади, имкон доирасида ҳар бир маҳаллага кириб, фуқаролар таклиф ҳамда муаммолари ўрганилади ва таҳлил қилинади.
Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган илк тадбир соғлиқни сақлаш соҳасига бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова фуқароларга соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, аҳолига яратилган қулайликлар ва имтиёзлар, фуқароларнинг кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳамда соҳада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Нодира Эгамбердиеванинг “Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини оширишда гендер тенглик ва оила масалаларининг аҳамияти: яратилаётган шароитлар, имкониятлар ва имтиёзлар” мавзусидаги чиқиши орқали фойдали маълумотларга эга бўлишди.
Шундан сўнг, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнова фуқароларга мурожаатлар билан ишлаш ва ёпиқ муассасаларга амалга ошираётган мониторинг ташрифлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Омбудсман минтақавий вакилига мурожаат қилиш усулларига ҳам тўхталди.
Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда навбатдаги Омбудсман мактабларида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича ҳам таклифлар олинди.
Шу куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва унинг Бухородаги минтақавий вакили иштирокида фуқаролар қабули ҳам ташкил этилди.
Тадбирда сўз олган маҳалла раислари ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг муҳимлигига эътибор қаратди. Шунингдек, бу каби тадбирларни ўтказишда Омбудсман институти билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканлигини билдирди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати