Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Сирдарёдаги минтақавий вакили туманларда сайёр қабуллар ташкил этмоқда
2022 йил 30 май куни Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши билан ҳамкорликдаги навбатдаги фуқаролар сайёр қабули Вилоятнинг Оқолтин туманида ўтказилди. Унда Омбудсманнинг Сирдарёдаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши меҳнат ҳуқуқи инспектори Ширинхан Умаралиева ҳамда Оқолтин тумани маҳалла бўлими бошлиғи Алишер Ибодуллаевлар фуқаролар мурожаатларини қабул қилишди.

Сайёр қабул давомида туманда яшаётган жами 15 нафарга яқин фуқаролар қабул қилиниб, шундан 10 нафарига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 3 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ҳал этилди.

Жумладан, Оқолтин тумани, “Бўстон” МФЙда яшовчи фуқаро Ҳ.Т. меҳнат ҳуқуқларини тиклаш бўйича мурожаат қилди. Аниқланишича, мурожаатчи “Бўстон” маҳалласида ҳарбий йўриқчи вазифасида ишлаган, лекин у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда икки йиллик фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўлаб берилмаган. Дарҳол тегишли идора вакилларига мурожаат қилиниб, фуқарога икки йиллик фойдаланилмаган таътиллари учун пуллик компенсация тўлаб бериладиган бўлди.

Шунингдек, Оқолтин тумани, Саҳоват МФЙда ижарада яшовчи С.Х. вояга етмаган фарзандига ногиронликни белгилаш бўйича мурожаат қилди. Мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, ногиронлик гуруҳини белгиланиши учун туман тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига (ТМЭК) юборилди.

Оқолтин тумани, “Кўркам диёр” МФЙда яшовчи 2 гуруҳ ногирони Р.К.нинг даволаниши учун моддий ёрдам ажратиш бўйича мурожаати ҳам минтақавий вакил назоратига олинди.

Маълумот учун: Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Шухрат Алимовнинг фуқаролар қабули ҳар ҳафтанинг душанба ва жума кунлари соат14:00 дан 17:00га қадар ўтказилади.

Манзил: Гулистон Ш., И.Каримов кўчаси, 35-уй

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизмати