Шунга кўра, Омбудсман, унинг Котибияти ходимлари ва Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда Жамоатчилик гуруҳлари томонидан жорий йилнинг 30 май ва 2 июнь кунлари Бухоро вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Ташрифнинг биринчи куни Когон шаҳрида жойлашган 20-сон Жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифи амалга оширилди. Махсус контингент сиғими 700 нафарга мўлжалланган бўлиб, ушбу колонияда жазо ўтаётган маҳкумлар учун белгиланган шарт-шароитлар яратилган.
Сўнгра, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқарманинг Вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги маҳбусларга яратилган шароитлар ўрганилди. 100 ўринга мўлжалланган мазкур ҳибсхона янгитдан таъмирдан чиқарилиб, сақланаётган шахсларнинг ювиниш ва сайр қилиш жойлари ҳамда ҳожатхоналарида шароитлар яратилган.
Ташрифнинг иккинчи куни Когон туманидаги 1-сон Жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифи амалга оширилди. Ушбу колония умумий тартибда жазо ўташга ҳукм қилинган маҳкумларнинг жазо ўташларига мўлжаллаган. Колонияда жазо ўтаётган маҳкумларнинг 86 фоизидан ортиғи ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилган. Колониянинг ишлаб чиқариш объектларида ёғочга ишлов бериш, бетон ғишт (пеноблок) ишлаб чиқариш, мрамор тошга ишлов бериш, тикувчилик ҳамда шиша идишларни (бутылка) тозалаш цехлари ишлаб турибди.
Маҳкумларнинг яқинлари билан учрашиши учун колонияда 6 та қисқа ва 12 та узоқ муддатли барча шароитларга эга хоналар ажратилган. Колониянинг Даволаш профилактика ёрдамини кўрсатиш бўлими маҳкумларнинг даволаниши учун зарурий дори-дармонлар билан таъминланган, бўлимда Ренген, ЭКГ, УЗД ва стоматология апаратлари мавжуд.
Кейинги манзил Бухоро шаҳридаги 4-сон Тергов ҳибсхонаси бўлди. Ташриф давомида ҳибсхонадаги маҳбусларнинг ётоқ жойлари, тиббиёт бўлимлари, сайр қилиш жойлари, ювиниш хоналари ва ҳожатхоналар ҳамда кутубхоналар, шунингдек ошхона кўриб чиқилди. Сақланаётган шахслар билан камераларида жамоавий ва якка тартибда ҳоли учрашувлар ўтказилди.
Шундан сўнг, Қоровулбозор туманидаги 17-сон Жазони ижро этиш колониясига ҳам мониторинг ташрифи амалга оширилди. Ушбу колонияда жазо ўтаётган маҳкумларнинг 50 фоизга яқини Жиноят-ижроия кодексига кўра ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилинган. Колониянинг ишлаб чиқариш объектларида мебель ва ёғочга ишлов бериш, темирга ишлов бериш, ғишт ишлаб чиқариш, тош кесиш, мозайка ишлаб чиқариш ва тикув цехлари ишлаб турибди.
Қайд этиш жоизки, Омбудсман томонидан ушбу колонияга ўтган йилда амалга оширилган ташриф давомида колониянинг тиббиёт бўлими, овқатланиш жойлари, ювиниш хоналари ва ҳожатхоналар ҳамда маҳкумларнинг ётоқ жойларини таъмирлаш тавсия этилган. Ушбу ташриф давомида мазкур тавсиялар Жазони ижро этиш департаменти томонидан инобатга олиниб, колониянинг юқорида қайд этилган жойлари ва узоқ муддатли учрашув хонаси тўлиқ жорий таъмирдан чиқарилганлиги маълум бўлди.
Ташрифнинг сўнги куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонаси ҳамда Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Реабилитация этиш маркази, шунингдек Республика ихтисослаштирилган наркология амалий тиббиёт маркази Бухоро вилояти минтақавий филиалига мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Ушбу ташриф давомида ҳам Омбудсман томонидан ўтган йилда Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Реабилитация этиш марказини қайта таъмирлаш юзасидан берилган тавсиялар инобатга олинганлигига эътибор қаратилди. Ташриф куни Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Реабилитация этиш маркази вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан янгитдан қурилиб, 75 ўринга мўлжалланган замонавий талаблар асосида жорий йилнинг бошидан буён тўлиқ фойдаланишга топширилганлиги маълум бўлди.
Маҳкумлар ва маҳбуслар билан оммавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам ажратиш, уй-жой ва бошқа масалалардаги мурожаатлари ижро учун қабул қилинди. суҳбатлар давомида қийноқ ҳолатлари қўлланилганлиги ва шарт-шароитлар ҳамда озиқ-овқат таъминотлари юзасидан шикоятлар келиб тушмади.
Республика ихтисослаштирилган наркология амалий тиббиёт маркази Бухоро вилояти минтақавий филиалининг Мажбурий даволаниш бўлими 85 нафар беморга мўлжалланган бўлиб, ташриф куни 120 та бемор сақланаётганлиги маълум бўлди. Муассаса кўздан кечирилгандан сўнг беморларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этилиб келинмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати