Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш тараққиётимизнинг бош мезони
2022 йил 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш тараққиётимизнинг бош мезони” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Конституциявий суд, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси, Бош прокуратура Академияси; Қуролли Кучлар Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети, Давлат Божхона қўмитаси, Божхона институти, Жамоат хавфсизлиги университети профессор – ўқитувчилари, таркибий бўлим ходимлари, магистрлари, курсант ва талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланишича миллий тараққиётимизнинг янги ислоҳотлар босқичида халқчил Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг марказида турувчи энг устувор, давлат сиёсати даражасига кўтарилган асосий масалага айланди.

Маълумки, ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётида инсон ҳуқуқи масаласи алоҳида аҳамият касб этиб, у демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси, демократиянинг талабларини кўрсатувчи ўзига хос ўлчов мезони ҳисобланади.

Конференцияда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, 2020 йил 22 июнда тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳамда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”нинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз борди.  

Тадбирда Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова “Ўзбекистонда бола ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида маъруза қилди.

Унинг таъкидлашича, боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Бугунги кунда республика бўйича 0-18 ёшгача бўлган жами 12,6 млн нафар вояга етмаган болалар мавжуд.

Шу билан бирга, ота-она қарамоғисиз қолган болаларни, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларни таълим-тарбия интернат муассасаларига жойлаштиришни камайтириш ва олдини олиш мақсадида болаларни деинституциялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Маҳаллий ва миллий даражадаги сиёсатни ишлаб чиқишда болалар ва ёшларни ўз манфаатларига таъсир қиладиган қарорларни қабул қилишда уларнинг фикрини инобатга олган ҳолда жалб қилиш амалиёти ва механизмларини кучайтириш зарур, бу болалар ва ёшларнинг жамиятдаги иштироки учун ҳуқуқий базани кенгайтиради. Бу, ўз навбатида, тингланиш ва жамоатчилик фикрини шакллантиришда иштирок этиш имкониятини беради - деди Алия Юнусова.

Конференция якунида инсон ҳуқуқларига доир турли илмий-амалий ёндашувлар билан боғлиқ тегишли фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдириб ўтилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати