Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман тавсияси билан Тошкентдаги реабилитация маркази тўлиқ реконструкция қилинди
2022 йил 23 июнь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) вакиллари Тошкент шаҳар ИИББга қарашли Тошкент шаҳридаги “Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази”нинг тўлиқ реконструкция қилинган биносига ташриф буюришди. Шу куни Тошкент шаҳар ИИББ тасарруфидаги Махсус қабулхонанинг янги биносини ҳам фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари иштирок этишди.

Қайд этиш лозимки, 2021 йилда Омбудсман Котибияти ходимлари қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида мазкур Реабилитация марказига мониторинг  ташрифини амалга оширишган эди. Унда мазкур Марказда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари бўйича бир қатор камчиликлар аниқланган эди ва шу бўйича тайёрланган таҳлилий маълумот Олий Мажлис палаталарига ҳамда зарурий тавсиялар мутасадди вазирлик ва идораларга киритилган эди.

Омбудсман вакилларининг реабилитация марказига амалга оширган ушбу ташрифида улар Марказ қиёфаси ва шароитлари тубдан ўзгарганига гувоҳ бўлишди. Бино тўлиқ реконструкция қилинган аёллар ва эркаклар яшаш хонаси шинам ва қулай ётоқлар билан жиҳозланган. Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши таъминланган. Алоҳида ювиниш хоналари, ёзги ва қишки ошхона қурилган ва янги жиҳозлар билан таъминланди.

Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, Реабилитация марказида сақланаётган шахслар ҳар мавсум янги кийим-кечак ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланмоқдалар.

Ташриф доирасида халқаро стандартлар асосида қурилган маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона биноси ҳам кўздан кечирилди. Хоналар шинам, ёруғ, керакли мебель жиҳозлари билан таъминланган. Адвокатлар ва сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан учрашув хоналари алоҳида жойлашган. Қолаверса, маъмурий қамоқда сақланаётганлар учун спорт майдончаси қуриб берилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати