Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қийноққа солиш ҳолатларини олдини олиш бўйича жазони ижро этиш муассасаси ходимлари учун семинар ташкил этилди
2022 йилнинг 2 июль куни Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидаги 1-минтақавий мувофиқлаштириш маркази, 21-сон жазони ижро этиш муассасасининг 70 нафардан ортиқ ходимлари иштирокида тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили Рустам Камалов қатнашиб, тадбир иштирокчиларига Омбудсман фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, мамлакатимизда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради. Айниқса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан чамбарчас боғлиқ.

Учрашувда Ҳаракатлар стратегиясининг самарали амалга оширилиши натижасида Омбудсман фаолиятининг янада такомиллаштирилгани, унга юклатилган ҳуқуқ ва ваколатлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, 2019 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм институти жорий этилгани ва унга мувофиқ Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриши белгилаб берилгани таъкидланди.

Қайд этиш лозимки, ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Омбудсман ҳузуридаги МПМ фаолияти янада такомиллаштирилди. Жумладан, Омбудсман ҳузурида Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди. Улар зиммасига қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш, қийноққа солиш ҳолатларини экспертлик баҳолаш масалалари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш каби вазифалар юклатилди.

Ҳуқуқий тарғибот йиғилишида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қийноқ ҳолатларининг олдини олиш, бу иллатга бутунлай барҳам бериш юзасидан мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу билан бир қаторда “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти етказилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати