Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фарғона вилоятидаги Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига мониторинг ташкил этилди
2022 йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили Алишер Камилов Фарғона вилоят ИИБ Патруль пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бўлиб, у ерда сақланаётган шахсларнинг шароитлари билан танишди. Мониторингда Фарғона вилоят прокуратурасининг ички ишлар идораларида қонунлар ижроси устидан назоратни таъминлаш бўлими прокурори С. Игамбердиев, «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилотининг Фарғона шаҳар бўлими раҳбари М.Жўраевлар ҳам иштирок этишди.

Қайд этиш лозимки, Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ва вилоят ИИБ ҳузуридаги ситуацион марказ билан тўғридан-тўғри онлайн тартибда алоқа ўрнатилган.

Аниқланишича, ушбу вақтинча сақлаш ҳибсхонасида 68 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 17 та камера мавжуд. Мониторинг ўтказилган кунда муассасада 48 нафар шахс сақланаётганлиги аниқланди. Улар орасида аёллар ва вояга етмаганлар мавжуд эмас.

Мониторинг ташрифида вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган 11 нафар шахс билан суҳбат ўтказилди. Суҳбат давомида маҳбуслар ҳибсхонадаги шароитлардан ва озиқ-овқат таъминотидан шикоятлари йўқлигини билдиришди.

Тергов ҳаракатларини ўтказиш учун мўлжалланган хоналарни кўздан кечириш жараёнида, бу тоифадаги хоналар видеокузатув воситалари билан жиҳозлангани ва адвокатлар исталган вақтда адвокатлик сўровномаси билан тергов жараёнларида тасвирга олинган видеоматериалларни талаб қилиб олиши мумкинлиги айтилди.

Ҳибсхонадаги  адвокат билан учрашув хоналари камерадан ҳоли бўлиб, адвокатлар бугунги кунда муассасада сақланаётганлар билан монеликсиз учрашаётганлиги аниқланди.

Муассасадаги ошхона кўздан кечирилганда вақтинча сақлаш ҳибсхонасига аутсорсинг хизмати асосида тайёр таомлар келтирилиб, ҳибсхонада сақланаётган маҳкум ва маҳбусларга етказиб берилаётгани аниқланди. Сақланаётган шахслар билан суҳбат ўтказилганда озиқ-овқат таъминотидан шикоятлари йўқлигини билдиришди.

Муассасада сақланаётганларга тиббий ёрдам кўрсатиш хонаси мавжуд бўлиб, штат бўйича бир нафар ҳамшира фаолият юритади. Тиббий ёрдам кўрсатиш учун керакли дори-дармонлар мавжудлиги аниқланди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати