Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Наманган вилоятидаги Вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга яратилган шароитлар ўрганилди 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида Омбудсман ва унинг хузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳар чоракда гаупвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларига мониторинг ташрифларини амалга ошириш белгиланган.

Шу боис, Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили Жаҳонгир Валиев томонидан Мингбулоқ, Наманган ва Чуст туманлари Ички ишлар органларининг Вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифи давомида ушбу ҳибсхоналарда Ўзбекистон Республикасининг «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Қонуни ва Ички ишлар вазирининг “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 171-сонли буйруғи талабларига амал қилинаётганлиги ўрганилди.

Маълум бўлишича, Чуст тумани Ички ишлар бўлимининг ҳибсхонасида сақлаш учун қабул қилинаётган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари ҳамда ВҲСдаги режим тўғрисида хабардор қилиниши ҳақидаги маълумотлар ҳар бир камера деворларига осиб қўйилмаган.

Шунингдек, мониторинг ташрифи давомида ҳибсхоналарда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибдаги ҳоли суҳбатлар ўтказилди. Ўтказилган суҳбатлар давомида, ҳибсхоналарда сақланаётган шахслар томонидан сақлаш шароитлари бўйича шикоятлар келиб тушмади.

Мурожаатлар асосан тергов ва суд ҳаракатлари билан боғлиқ масалаларда бўлди. Ушбу мурожаатлар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида тушунтиришлар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати