Комиссия аъзолари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси Қўриқлаш бошқармасида бўлиб, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларда қатнашган ходимлар билан мулоқотлар қилишди. Ушбу жараёнда комиссия аъзоларига оммавий тартибсизликлар жараёнида фойдаланилган махсус техника воситалари кўрсатилди. Хусусан, тутун чиқарувчи, ранг берувчи, кўздан ёш оқизувчи ва кучли товуш чиқарувчи гранаталар, сувга қўшиладиган махсус кукун ҳамда махсус техника воситаларининг тактик-техник хусусиятлари тушунтирилди.
Шунингдек, комиссия аъзолари томонидан ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган ва муҳокамаларга сабаб бўлган қизил бўёқларга ойдинлик киритилди. Яъни, ушбу ҳолатлар комиссия аъзоларига амалий кўрсатиб берилди.
Бундан ташқари, комиссия аъзолари гуруҳларга бўлинган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасидаги “Гаресизлик”, “Халыклар достлыгы”, “Шайирлар”, “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, фуқаролар, маҳалла кайвонилари, ёшлар билан билан суҳбатлар ўтказилди.
Суҳбатлар давомида фуқаролар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Қорақалпоғистондаги воқеаларнинг зудлик билан бартараф этилиши, тинчлик ва осойишталикка эришиш учун ўз вақтида кўрилган чора-тадбирларни алоҳида эътироф этиб, кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлардан мамнунлигини билдиришди.
Маҳалла фаоллари таъкидлашича, тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш бўлади.Мамлакатимиздаги тинчлик, осойишталик бардавом бўлсин дея маҳалла нуронийлари қўлларини дуоларга очишди.
Комиссия аъзоларининг ўрганишлари давом этмоқда.
Oliy Majlisning Inson huquqlari bo‘yicha vakili (ombudsman) Matbuot xizmati