Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Конституциявий ислоҳотлар шароитида ювенал юстиция институтини такомиллаштириш истиқболлари
2022 йилнинг 29 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Конституциявий ислоҳотлар шароитида ювенал юстиция институтини мустаҳкамлаш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар Омбудсмани), халқаро ва миллий экспертлар, Олий суд, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги академияси, Судьялар олий мактаби, Адвокатлар палатаси, илмий ҳамжамият, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидан бир гуруҳ ёшлар қатнашди.

Тадбирда Болалар Омбудсмани Алия Юнусова ювенал юстиция тизимида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг роли, мазкур институтга доир хорижий тажриба ва халқаро стандартлар, Ўзбекистонда ювенал юстициянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш истиқболлари, конституциявий ислоҳотлар шароитида ювенал юстиция институтини мустаҳкамлаш зарурати каби масалаларга доир маъруза билан иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 4 та мақсад болалар ҳимояси масалаларига қаратилган. Хусусан, “Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш” деб номланган 14-мақсадда “ювенал адлия тизимини шакллантириш ҳамда бола ҳуқуқлари қонунчилигини кодификациялаш” вазифаси белгиланган.

Эътиборли жиҳати, ювенал юстиция кўплаб халқаро ҳужжатларда бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги асосий институт сифатида кўрсатиб ўтилган. Халқаро стандартлар ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ювенал юстициянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш истиқболларини аниқлаш, шу жумладан, унинг концептуал ва базавий асосларини Конституцияда мустаҳкамлаш – бу борадаги миллий амалиётнинг ривожланишига замин яратади.

Давра суҳбати якунида муҳокамаларда билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, Конституциявий комиссияга юбориш хусусида келишиб олинди ҳамда мазкур соҳани ривожлантиришга оид тадбирларни амалга оширишда парламент, давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва илмий ҳамжамият ҳамкорлигини кенг йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида хулосага келинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати