Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий ташкилотларнинг Марказий Осиёдаги ташаббуслари доирасидаги онлайн учрашув бўлиб ўтди
2022 йилнинг 9 август куни шу йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий ташкилотларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган минтақавий семинар арафасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарлари ва Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Истанбул минтақавий идораси томонидан ташкил этилди.

Онлайн мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, Қозоғистон Республикасидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Элвира Азимова, Қирғизистон Республикаси Омбудсмани Атыр Абдураҳматова, Туркманистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакили - Омбудсмен Яздурсун Гурбанназарова ва Тожикистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари ваколатхонаси вакили иштирок этди.

Онлайн учрашув режалаштирилган минтақавий семинарнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш ва ташкилий масалалар бўйича фикр алмашишга бағишланди.

Таъкидланишича мазкур семинар Марказий Омбудсманларнинг Глобал альянс томонидан аккредитациядан ўтказиш ва мақомини янгилаш, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича  механизмлари ва қатор масалаларга бағишланади.

Учрашувда Омбудсманлар томонидан семинар кун тартибига  фуқароларнинг мурожаатларини тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда самарали кўриб чиқиш, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш жараёнида фуқаролик жамиятининг иштирокини кучайтириш, миллий превентив механизм институтини такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини юксалтириш каби мавзуларни ҳам киритиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон томонидан сўнгги йилларда бизнес ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб аҳамият касб этаётгани нуқтаи назаридан минтақавий семинарга Марказий Осиёдаги Тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакиллар (Бизнес Омбудсманлар)ни ҳам жалб этиш таклиф қилинди ва у семинар ташкилотчилари томонидан маъқулланди.

Учрашув илиқ, дўстона муҳитда бўлиб ўтди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати