Йиғилишда дастлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари Комиссиянинг 16–29 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни жойига чиқиб ўрганиш бўйича фаолияти билан таништирилди. Хусусан, бир қатор давлат органлари ва идораларига, ижтимоий объектларга, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, Кўп тармоқли тиббиёт марказига, ҳарбий ва ички ишлар госпиталларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, яъни Миллий гвардияга, Нукус шаҳар Ички ишлар бўлимига, Нукус шаҳридаги Шимолий-ғарбий ҳарбий округга, Нукус халқаро аэропортига ташриф буюрилганига тўхталинди.
Шунингдек, Комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган воқеалар юзасидан тиббиёт бирлашмаларига мурожаат қилган шахслар ва ўша кунги воқеалар натижасида жабрланганлар билан, жабрланганларнинг ҳолати, уларга кўрсатилган тиббий ёрдам хусусида суҳбат ўтказиб, воқеаларга аниқликлар киритгани, ушбу шахсларга нисбатан прокуратура ва ишчи ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган чоралар ўрганилгани қайд этилди.
Йиғилишда Комиссия аъзолари томонидан Қорақалпоғистонда мустақил равишда ўрганиш олиб борилгани ва аниқланган фактлар ҳар томонлама ўрганилаётганлигига урғу берилди.
Йиғилишда сўз олган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳам халқ орасида кўп кўтарилаётган саволлар ва уларга юборилаётган мурожаатлар ҳақида тўхталиб, Комиссиянинг кейинги фаолиятида ўрганилиши керак бўлган жиҳатлар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати